Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоеванинг вилоятда 239 нафар мактаб ходими коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарини рад этди. Бу ҳақда ҳоким ўринбосари иштирокидаги брифингда қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.
«Бухоро вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг 13 сентябрдаги маълумотига кўра, ҳақиқатан ҳам вилоятдаги 28 минг 53 нафар ўқитувчи ва техник ходимларнинг 18 минг 831 нафари, яъни 67,1 фоизидан тест олинган. Таҳлиллар уларнинг 239 нафарида бирламчи мусбат натижа берган ва ушбу фуқароларга нисбатан профилактик тадбирлар ўтказилиши бўйича хулоса тақдим этилган. Шунга кўра, ҳозирда касалликда гумон қилинган педагог ва техник ходимларга уй шароитида тиббий профилактик ёрдам кўрсатилмоқда. Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева эса брифинг жараёнида масаланинг ана шу жиҳатларини инобатга олмаган ҳолда маълумот тақдим этган», — деди Мирали Ҳамроев.
Таъкидлаш лозим, 13 сентябрь куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева иштирокидаги брифингда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 239 нафар ўқитувчи ва ишчи-ходимларида коронавирус аниқлангани айтилганди.
«Охирги икки ҳафтада коронавирусдан тузалганлар 40 нафар, касалланганлар эса 37 нафарга етган. Август ойининг мос даврига нисбатан сўнгги 15 кунликда касалланишлар 5 тага кўпайди. Айни пайтда даволанаётганлар 33 нафар бўлиб, уларнинг барчаси стационар шароитда даво муолажаларини ўтамоқда. Оғир ёки ўта оғир аҳволдаги беморлар йўқ», — деди Бухоро ҳокими ўринбосари.
Мирали Ҳамроевнинг қўшимча қилишича, 2020 йилнинг 16 мартидан 14 сентябрга қадар Бухорода коронавирус юқтирганлар 1083 нафарни ташкил этган. Касалланганларнинг 399 нафари карантин объектларидан, 684 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Вилоятда касалликдан тузалганлар сони 1042 нафар бўлиб, бу вилоятда касалликдан соғайиш кўрсаткичи 96 фоизга етганини кўрсатади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекона рўмол ўраш Ислом динига тўғри келадими?
Хоразм прокуратураси вакцина таъсирида фалаж бўлиб қолган аёл бўйича баёнот берди
Юртимизга нам ҳаво массалари кириб келади
Россияга газ экспорти тўхтади, Хитойга уч баравар қисқарди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарқатмасликка чақирди