Коронавирус эпидемияси ортида энг катта фойда кўрган хитойлик 10 тадбиркор

Коронавирус эпидемияси ортида энг катта фойда кўрган хитойлик 10 тадбиркор

Ғарбнинг фонд биржалари коронавирус сабабли “довулда” қолган бир пайтда, Хитой компаниялари аксиялари нархи барқарор қолмоқда, баъзилариники ҳатто қимматлашмоқда. Бунинг исботи сифатида бир ҳафта ичида 10 нафар хитойлик миллиардернинг умумий бойлиги 14,5 млрд долларга кўпайганини кўрсатиш мумкин, дея маълум қилди "kun.uz".

Бу миллиардерлардан ярмидан кўпи соғлиқни сақлаш соҳаси билан боғланган. 

Хитойлик тадбиркорлардан коронавирус эпидемияси ортида «Hansoh Pharmaceutical» фармацевтика компанияси раҳбари Чжун Хуэйтсзюан энг кўп даромад олди. 6 март куни савдолар ёпилиши олдидан аёл тадбиркорнинг бойлиги бир ҳафта аввалгидан 2,2 млрд доллар ёки 16 фоизга кўпайиб, 16,6 млрд долларга баҳоланган. 59 ёшли аёл ва унинг қизи юқумли касалликлар, қанд касаллиги ва саратон касалликларидан дори воситалари ишлаб чиқарувчи компаниянинг 75 фоиз акциясига эгалик қилади.

Чжун турмуш ўртоғи билан Хитойнинг энг бой оиласини ташкил қилади. Унинг турмуш ўртоғи Сун Пяояннинг бойлиги ўтган ҳафта ичида 1,3 млрд долларга кўпайиб, 13,6 млрд долларгача етган. 61 ёшли тадбиркор жорий январгача 30 йил давомида Хитойнинг энг йирик фармацевтик компанияси «Jiangsu Hengrui»га раҳбарлик қилиб келган. Оғриқсизлантирувчи воситалар ва антибиотиклар ишлаб чиқарувчи компания акциялари Шанҳай биржасида бир ҳафта ичида 10 фоизга ошган.

Jiangsu Hengrui» ва «Hansoh Pharmaceutical» акциялари қимматлашиши яна бир хитойлик тадбиркор Цен Тсзюнда бойлигининг ҳаммадан кўпроқ - 21 фоизга, яъни 7,8 млрд долларгача ошишига имкон берди.

Хитойнинг шифохона қурилмалари етказиб берувчи энг йирик компанияси Mindray Medical International асосчиларидан бири ва бош директори Ли Ситиннинг бойлиги 1,3 млрд долларга (11 фоиз) кўпайиб, 13,2 млрд долларга етган. Шенчжен шаҳрида жойлашган компания мониторинг учун қурилмалар ва қон таҳлили учун реагентлар ишлаб чиқаради.

«Mindray Medical International»нинг яна бир асосчиси Сюй Ханнинг бойлиги ҳам 1,3 млрд долларга кўпайиб, 12,8 млрд долларга етган. 53 ёшли Сюй компания директорлар кенгаши раиси ҳисобланади.

«Aier Eye Hospital Group» офталмология тармоғи раиси Чен Баннинг бойлиги 6 март куни бир ҳафта ичида 1 млрд долларга (13 фоизга) кўпайиб, 9,1 млрд долларга етди. Бош қароргоҳи Хунан провинсиясида жойлашган компания АҚШ, Европа ва Ҳонгконгда 80 дан кўпроқ офталмологик клиникаларга эга.    

Соғлиқни сақлаш билан боғлиқ бўлмаган яна 4 миллиардер охирги ҳафта ичида сезиларли бойиди. Жумладан, Цин Инлиннинг бойлиги 1,9 млрд долларга (10 фоиз) кўпайиб, 20,3 млрд долларга етди. 54 ёшли Цин Хитойнинг чўчқа етиштирувчи энг йирик компанияларидан бири «New Hope Group»га раҳбарлик қилади.

«New Hope Group» конгломерати эгаси Лю Юнхаонинг бойлиги 1,8 млрд долларга (16 фоиз) кўпайиб, 12,7 млрд долларга етган. Конгломератнинг бўлинмаларидан бири «New Hope Liuhe» Хитойнинг энг йирик қишлоқ хўжалиги компанияларидан бири саналади.

Хитойнинг энг бадавлат одамларидан бири, Тенcент асосчиси ва бош директори Ма Хуатеннинг (Пони Ма каби маълум) бойлиги бир ҳафта ичида 1,1 млрд долларга кўпайиб, ҳозирда 44,5 млрд долларга баҳоланмоқда. Тенcент яқинда коронавирусни аниқлаш ва унга қарши ваксина топишга қаратилган янги лойиҳаларни ишга туширди. Эпидемия вақтида Хитойнинг қанчалик кўп аҳолиси ўз уйида қолса, Тенcентнинг ўйин, мусиқа ва бошқа кўнгилочар хизматларига талаб шунчалик ошиб боради.     

Қуйида 2 мартдан 6 мартгача даврда бойлиги энг катта миқдорда ўсган хитойлик миллиардерлар ўнталиги келтирилган:

Чжун Хуэйтсзюан, Hansoh Pharmaceutical, 2,2 млрд долларга бойиган

Тсин Инлин ва оиласи, Muyuan Foodstuff, 1,9 млрд долларга бойиган

Лю Юнхао ва оиласи, New Hope Group, 1,8 млрд долларга бойиган

Тсен Тсзюнда, Jiangsu Hengrui, 1,4 млрдга долларга бойиган

Ли Ситин, Mindray Medical International, 1,3 млрд долларга бойиган

Сюй Хан, Mindray Medical International, 1,3 млрд долларга бойиган

Сун Пяоян, Jiangsu Hengrui, 1,3 млрд долларга бойиган

Хе Сянсзян, Midea Group, 1,2 млрд долларга бойиган

Ма Хуатен, Тencent, 1,1 млрд долларга бойиган

Чен Бан, Aier Eye Hospital Group, 1 млрд долларга бойиган.

×