Электр энергиясидаги узилишлар истеъмолнинг кескин ортиши туфайли юзага келган – вазирлик

Электр энергиясидаги узилишлар истеъмолнинг кескин ортиши туфайли юзага келган – вазирлик

Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби — ҳаво ҳароратининг совиб кетиши ёки исиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши туфайли юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, ҳар қандай энергия тизимида унинг барқарор ишлаши учун ҳар қандай вақтда истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия мувозанати (баланси) таъминланиши муҳим.

Ушбу жараён истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли ва узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг муаммосиз ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳимлиги ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Энергия балансини таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг диспетчерлик бошқармаси истеъмолчиларнинг бир қисмини режа жадвалига мувофиқ чекловлар ўрнатишга мажбур бўлади. Ушбу графиклар, қоида тариқасида, паст кучланишли (0,4 кВ, 6 — 10 кВ) тақсимлаш электр тармоқларини ўз ичига олади.

Бу ҳаракатлар мамлакат энергетика тизимида юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олишга қаратилган. Бу эса электр энергиясини кечаю-кундуз мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва диспетчер назоратининг ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.

“Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда истеъмолчилар электр энергияси таъминотидан узилишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги „зўриқиш“ турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига олиб келади”, дея аниклиқ киритган Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

×