Дунёдаги энг аҳмоқона жиноятлар

Дунёдаги энг аҳмоқона жиноятлар

Ўзи ақли бутун одам қонунга итоат қилиши, жиноятдан узоқ бўлиши табиий.

Аммо дунёда шундай жиноятлар борки, бундай қилмишни содир этганларнинг ақлу ҳуши жойида эканлигига ишониш қийин, дейди «hudud24.uz».

Мана улардан бир қанчаси…

Узоққа бормаган кўнгилхушлик

Россиянинг Саянск вилоятида яшовчи 30 ёшли Дмитрий Лапаев 2018 йилнинг куз ойларида Санкт-Петербургга келиб қолади ва бироз кўнгилхушлик қилгиси келиб, Павель I қасрига кирмоқчи бўлади. Аксига олиб, ўша куни қаср ишламаётганди. Дмитрий қаср деразасини синдириб ичкари киради. У ерда қатор турган шоҳона чодирларни кўради. Директор ҳужрасидан коньяк топиб, бир шишани бўшатади. Кейин сархушликда қабул залида рэп куйлаб, рақсга тушади. Хуллас шоҳона ҳаёт гаштини суради. Қуруқ қўл билан қайтишни истамагани учун 5 миллион рубль турадиган олтин ҳайкалчани ҳам ўзи билан олиб чиқади. Аммо азамат йигит қасрнинг ҳар бир хонасида камера ўрнатилганидан бехабар бўлса керак. Икки соат ичида уни Сенной майдонида қўлга олишади. Суд Лапаевни икки ярим йилга озодликдан маҳрум этади.

Ўғрига кроссовкаси панд берди

Воқеа анча йиллар муқаддам АҚШнинг Пенсильвания штатида рўй берганди. Икки нафар талончи Филадельфияда бир банкни тунамоқчи бўлишади. Аммо банк мутасаддиларининг эҳтиёткорлиги туфайли улар мақсадига эришолмайди. Шериклардан бири тез фурсатда қўлга тушади. Аммо иккинчиси чаққонлик қилиб, қоронғилик бағрига ўзини уради. Гарчи кўча қоп-қоронғи, атрофда чироқлар бўлмаса-да, ўғрини тезда тутишади. Сабаби… ўғри оёғига қадам босганда тагчармидаги чироқчалари ёниб ўчадиган кроссовка кийиб олганди…

Очкўзлик оқибати

Канаданинг Торонто шаҳри полиция маҳкамасига бир аёл мурожаат қилиб, машинасини ўғирлаб кетишганини айтади. Машина салонида пули ва қўл телефони ҳам қолиб кетганини қўшимча қилади. Полициячи аёлнинг рақамига телефон қилади. Кўп ўтмай телефондан эркак кишининг овози эшитилади. Полициячи бу рақамни газетада, машина сотуви ҳақидаги эълон остида қўриб қолганини ва худди шу русумдаги машинани излаб юрганини айтади. Машина ўғриси дарҳол “харидор” билан учрашув жойини келишиб олади. Қолгани маълум… Қизиқ, наҳотки, содда ўғри машинани сотиб олиш учун фақат икки томоннинг оғзаки келишуви етарли деб ўйлаган бўлса?

Бузоқнинг югаргани…

Россиянинг Амур вилояти Белогорск шаҳрида бир дўконга ўғри тушади. Уни пайқаб қолган кекса қоровул кампир швабрани кўтариб, дарҳол ўша тарафга ошиқади. Ўғри қўлга тушмаслик учун ўзини эшикка уради. Аммо у шошиб қолиб кўча эшиги эмас, ҳожатхона эшигини танлаганди. Худди шуни кутиб турган қоровул дарҳол эшикни тамбалайди ва милицияга сим қоқади….

“Миллиардлар” изидан

Москвада яшовчи абхазиялик ишсиз йигит яқин орадаги уйда шовчи бир аёлнинг уйида бир неча миллиард доллар борлигини эшитиб қолади. Фурсат топиб аёлнинг уйига ўғриликка киради. Ниҳоят, излаган миллиардларни топади. Нақ 50 миллард доллар. Фақат бу доллар АҚШники эмас, 1981-2009 йилларда  амалда бўлган Зимбабве доллари бўлиб, у айни пайтда умуман ҳеч қандай қийматга эга эмасди. Маълумки бундан 11 йил илгари гиперинфляция туфайли Зимбабвенинг миллий валютаси бекор қилинган эди. Ушбу мамлакатда ҳатто 100 триллионлик купюралар ҳам чоп этилган. Айни пайтда бу мамлакатда тўлов воситаси сифатида АҚШ доллари ва ЖАР рандидан фойдаланишади.

Соддалик қурсин

Лондонлик Брауни Стоун тинчгина почта бўлимида ишлаб юрганида бирдан бойиб кетиш истаги унга тинчлик бермай қўяди. Шу сабабли у хизмат кийимини ечмаган ҳолда банкка бориб, қурол ўқталиб пул талаб қилади. Аммо у уйга қайтиши билан кўп ўтмай эшик тақиллайди. Остонада полициячилар туришарди. Маълум бўлишича, банк ходимлари талончининг мундирига ёпиштирилган бейджикдан унинг исм-фамилиясини ўқиб олишган экан.

Адлия вазирлиги масъул ходими Рустам Жабборов тайёрлади.

×