
Чуст дўппидўзлик маданияти ва пичоқчилик санъатини кенг тарғиб қилиш, туманнинг туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида «Чуст дўпписи» ва «Чуст пичоқлари» халқаро музейлари ташкил қилинади. Бу ҳақда Наманган вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дилмурод Жумабоев маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.
Ҳозирда ушбу музейлар ҳамда «Чуст оши» марказини ташкил қилиш бўйича концепция ишлаб чиқилмоқда. Туман марказидан муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган ҳудуддан ер участкасини ажратиш масаласи ҳал этилмоқда. Республикада илк инновацион туризм масканларидан бири бўлиши кутилаётган ушбу мажмуани барпо этишга «Асака банк» томонидан имтиёзли кредит ажратилади.
«Музейларни турли павильонларга ажратган ҳолда хориж мамлакатларининг бош кийимлари, Ўзбекистон ҳудудларидаги турли бош кийимлар ва пичоқлар, марказий павильонда Чуст дўпписининг ва пичоқларининг тарихи, тайёрлаш жараёни намойиш этилади ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилади.
Шунингдек, сайёҳларни тумандаги дўппидўзлар ва пичоқчи усталар маҳаллалари, Мавлоно Лутфий боғи, Биби она ва бошқа зиёратгоҳлар, Тешиктош манзили ва кузатув майдонига эга қоятошларга саёҳатларини уюштириш чоралари кўрилади», — дейди Дилмурод Жумабоев.
Жумабоевга кўра, Чуст туманидаги дўппидўзлик мактаби ва пичоқ ясаш санъатини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш юзасидан ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.

Тасодифий хабарлар
Дрон таомдан тортиб тест натижаларигача ташимоқда
Мбаппе “ПСЖ” сафида Европа чемпионлар лигасида ғалаба қозонмоқчи.
Қалтис геосиёсат: Хитой мудофаа харажатларини кескин оширмоқда
Coca-Cola савдоси коррупция эҳтимоли сабаб тўхтатилиши мумкин
500 минг сўмлик моддий ёрдам қачон, кимларга, қай тартибда берилади?