Ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли ва барча турдаги истеъмолчиларга Азиз ҳамюртлар!

Ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли ва барча турдаги истеъмолчиларга Азиз ҳамюртлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш ва карантин жорий этилиши жараёнида, аҳолимизнинг узлуксиз сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги карантин шароитида соҳада вилоятимизда 2 минга яқин ишчи ходимлар туну-кун ўз хизмат вазифаларини фидокорона бажариб аҳолига ичимлик сувни узлуксиз етказиб бермоқдалар.
Шу билан бирга ҳозиги кунда фуқароларимизнинг аксарият қисми ўз уйларида бўлганликлари сабабли, ичимлик суви истеъмоли сезиларли даражада ошди.
Ушбу вазиятдан аҳолимиз томонидан, ичимлик сувидан суғориш ва бошқа ноқонуний мақсадларда эхтиёждан ортиқ даражада фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ҳудудларда ичимлик сувини етказиб бериш хизматларининг самарали ташкил этилишига ўз салбий таъсирини ўтказмоқда.
Бунинг оқибатида, вилоятимизнинг шаҳар ва туманлар ҳудудидаги кўп қаватли турар жойларни юқори қаватига ва марказий тармоқдан сув олувчи чекка ҳудудларимизга ичимлик суви етиб бормаслиги ва шу каби бир қатор ижтимоий муаммолар келтириб чиқариб, ичимлик сувини тақсимланиши ва таъминотини сезиларли даражада издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда Сувинспекция ходимлари жойлардаги “Сувтаъминот” корхоналари ходимлари ва матбуот хизматлари билан биргаликда, ҳудудларда ичимлик сувини экин майдонларини суғориш мақсадларида фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида, “Ичимлик сувини исроф қилмайлик!” шиори остида доимий равишда тадбирлар ўтказилиши хамда ноқонуний фойдаланувчиларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилиши белгиланган.

Ҳурматли нуронийлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари!

Ҳаётнинг бир ҳақиқати бор: Ким нимани хор қилса, ўшанга зор бўлади. Айниқса сувни исроф қилиб бўлмайди. Сув – бу сайёрамизнинг асосий табиий бойлиги ҳисобланади. Сувни биз ичамиз, кундалик эҳтиёжларимиз учун ишлатамиз, лекин ҳозирги вақтда ичимлик сувининг дунё бўйича танқислигини хаёлимизга келтирмаймиз.
Тежамкорликни сувнинг хар бир томчисида бошламоқ керак. “Тома-тома кўл бўлур”, деб халқимиз бежизга айтишмаган. Минг йиллар давомида сув ўзбек халқи учун фақат моддий фаровонлик омили бўлибгина қолмай, айни чоғда маънавий юксаклик тимсолига ҳам айланган.

ҲУРМАТЛИ ҲАМЮРТЛАР!

Бугунги кунда вилоятимиздаги фуқаролар ва барча соҳа вакиллари томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашда ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилинаётгани, шунингдек, нафақат юртимиз, балки бутун дунё олдида турган кўринмас ёв билан курашда, не-не заҳматлар ва меҳнатлар орқали етказиб берилаётган ичимлик сувини асраб авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва истеъмол қилинган ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш орқали ўз ҳиссамизни қўшсак айни муддао бўлади.
Бу эса, ўз навбатида, эл-юртимиз фаровонлиги ва халқимизни тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини яхшилаш, келажак авлодларимизга тоза ва сифатли ичимлик суви етиб боришида, шунингдек, ичимлик сув етказиб бериш хизматларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Сув – ҳаёт манбаи, уни увол қилишга ҳаққимиз йўқ. Унинг ҳар томчисини авайласаккина юртимизни тўкин сочинлик, ҳаётимизни фаровонлик тарк этмайди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Сувинспекциянинг Наманган ҳудудий инспекцияси

×