Юлдуз Усмонова судга келмади. Суд ўтказилмади

Юлдуз Усмонова судга келмади. Суд ўтказилмади

Бугун, 5 май соат 14:00 да Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг Ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани бўйича очилган иш кўриб чиқилиши керак эди. Аммо суд мажлиси ўтказилмади.

Бу ҳақда "Qalampir.uz" шундай ёзади: "Бунга расмийлар жўяли изоҳ бергани ҳам йўқ. Суд мажлисида иштирок этиш учун Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судига борган ва ҳамон ўша ерда бўлиб турган мухбиримизнинг хабар беришича, айбланувчи Юлдуз Усмонова, ҳатто, келмаган ҳам. Унинг ўрнига уйидан туриб, Instagram орқали жонли мулоқот уюштирган. Хонанда жонли мулоқот вақтида шундай деган:

“Сирдарёга боролмадим. Хайрияларни администраторларим орқали жўнатдим. Ҳозир уйимдаман. Судгача бўлган суриштирув ишлари кетяпти. Унда бориб қатнашиб келдим. 10 кун уйдан чиқа олмайман. Шунинг учун Сирдарёга ҳам боролмадим".

Ички ишлар вазирлиги масъулларининг суд бугун соат 14:00 бошланади деган гапига ишониб, суд биноси олдига борган журналистлар эса 4-5 соат давомида ташқарида кутишига тўғри келган. Орадан 5 соатга яқин вақт ўтгач, ИИВ масъуллари журналистлардан кетишларини илтимос қилган.

Маълумот учун, кеча, 4 май куни ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларини кескин танқид қилгани ва ҳақоратлагани акс этган видео тарқалди.

Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди. Вазирлик Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса QALAMPIR.UZ билан суҳбатда маданият соҳаси вакилининг бу ҳаракати жудаям номақбул эканини айтиб, видеони бир кўришда Усмонованинг руҳий саломатлигига шубҳа қилганини таъкидлади.

Ҳозиргача Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳам видеога муносабат билдирди. Улардан бири хонандага танбеҳ бериб чекланган бўлса, иккинчиси Усмонованинг ахлоқи масаласи жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилишини таъкидлади.

×