Бухоро вилояти, Жондор туманида турмуш ўртоғининг жазманини видеотасвирга олиб, уни «самосуд» қилган аёл жаримага тортилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.
Ҳолатга кўра, ижтимоий тармоқларда «Аёл эрининг ўйнашини тиз чўктирди» мазмунидаги видео тарқалган. Унда турмуш ўртоғи билан хуфёна учрашиб келган аёлни тиз чўктирган ҳолда эри билан бошқа учрашмасликка даъват қилган аёл суҳбати акс этган.
Мазкур видеолавҳа юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганув ишлари олиб борилган. Унга кўра, Жондор туманидаги «Паҳлавон» маҳалласида яшовчи 29 ёшли З.Ф. ўз турмуш ўртоғи билан туманнинг «Янгиобод» маҳалласида яшовчи Д.Д.нинг ишқий муносабатда бўлиб келаётганини аниқлаган. Ва у Д.Д.ни излаб топган. Нафрат туйғуси ортган З.Ф. Д.Д.ни якка ҳолда ушлаб, нафақат эри билан, балки бошқа эркаклар билан ҳам бировларнинг оиласини бузиб, яна ишқий муносабатни давом эттирмасликка даъват этган. Д.Д.ни тиз чўктириб, унинг ҳолатини видеотасвирга олган.
Шундан сўнг фуқаро Д.Д. туман ички ишлар бўлимига З.Ф. бу ҳатти-ҳаракатлари билан унинг қадр-қимматини камситганликда, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганликда айблаб мурожаат қилган.
Вилоят ИИБ масъул ходимларининг ҳолат юзасидан олиб борилган иш юзасидан расмий муносабат берилган. Ва тегишли тартибда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Мазкур маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Туман судининг қарорига кўра, фуқаро З.Ф. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, яъни 1.200.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамага айланган. Улар ўртасида «Нега бошида эри бўла туриб, бошқа бировнинг эри билан ишқий муносабатда бўлиб келган аёл эмас, балки уни огоҳлантирган аёл жаримага тортилиб, товон тўлаяпти? Ваҳоланки, фаҳш йўлни танлаган аёлни тиз чўктириб, сўроқ қилган аёл суҳбатида ҳеч қандай ҳақоратли сўзлар йўқ! Бировнинг оиласини бузиб, унинг эри билан ишқий муносабатда бўлиб келган аёл нега жазосиз қоляпти?» — деган саволлар ошган.
«З.Ф. бундай вазиятда ҳолат юзасидан ўзи қарор чиқарган ҳолда ўзи жазолашга уринган, яъни «самосуд» қилган. Буни эса қонунларимиз рад этади. У зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилиши ва ҳолатга ойдинлик киритиб беришни талаб қилиши лозим эди. Бировни кимсасиз жойда тиз чўктирган ҳолда сўроққа тутиш, унга талаблар қўйиш ва етмагандек, бу ҳолатни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юбориш ортида инсон шаъни ва қадр-қиммати туради. Унутмайликки, фуқаро фоҳиша, ўғри, қотил, ҳуқуқубузар бўлсин, аммо унинг ортида инсон шахси ётади», — дея жавоб берган Шуҳрат Жалолов.
Manba: Xabar.Uz
Тасодифий хабарлар
Роналду ЖЧнинг энг ёмон футболчилари рамзий жамоасига киритилди
Наманганлик журналист вафот этди
Дунё Трампнинг уйғонишини кутяпти. Уруш эълон қилинадими?
Расман! Бугундан вилоятлараро автотранспорт ҳаракати бутунлай тўхтатилди
Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринни эгаллади