Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Сардода сув омборидаги тўғон бузилиши воқеаси юзасидан фикр билдирди.
Дарҳақиқат Президентимиз айтганларидек 2020 йил халқимиз, давлатимиз учун оғир келди. Коронавирус пандемияси ортидан бир ҳафта ичида аввалига Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида кучли шамол офати, бугун эса Сирдарёда сув омборидаги бузилиш оқибатида сув тошқини.
Табиий офатлардан зарар кўрган барча ҳамюртларимизга бу оғир кунларида дардларига шерик бўлиб, Aллоҳдан уларга сабр ва ирода тилаб қоламан, яратганнинг ўзи мушкулларини осон қилсин. Бухорода кучли шамол офатида ҳалок бўлган бир нафар ҳамюртимиз оила аъзоларига эса ҳамдардлик билдираман.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам воқеа жойига давлатимиз раҳбари ўзлари ўша кунни ўзида етиб боришлари бу офатларда зарар кўрган одамлар руҳиятига катта куч бўлди деб ўйлайман. Бундай синовли кунларда давлат ҳеч кимни ёлғиз ташлаб қўймаслигига, ҳар бир инсоннинг ҳаёти, соғлиги ҳақида давлат раҳбари шахсан ўзи қайғуришига ҳаммамиз яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Aввало ҳаммаси Aллоҳдан, лекин бу офатлар бизга қурилиш соҳасидаги камчиликларимизни юзимизга ойна тутгандек яққол кўрсатиб берди. Ҳудудларда архитектура, кадастр, умуман қурилишга оид соҳалар энг кўп коррупцияга ботқоғига ботганлигига ижро ҳокимиятида ишлаган пайтларим кўп бора гувоҳ бўлганман.
Кўриниб турибдики, коррупция муаммоси коронавирусдан қолишмайдиган бало, миллатни келажагига болта урадиган иллатдур. Бу иллатга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. То биз бу балони енгмас эканмиз, ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш ҳақида гапириш орзу бўлиб қолаверади.
P.S. Яна бир хулосам шу бўлдики, қурилиш соҳасидаги бу аҳволимиз билан AЭС қуриш тугул, ҳозирча уни ёнига яқинлашмай турганимиз маъқул экан.
Тасодифий хабарлар
Наманганда корхона 11 млрд сўмлик электрни ўмарди
Таниқли ўзбек актёри мусулмон эътиқодига тўғри келмайдиган лойиҳадаги иштирокини тўхтатди
ДХХ Ургутда ноқонуний ер сотиш ҳолатига чек қўйди
Юлдуз Усмонованинг ҳаётига қасд қилишлари мумкин
Тошкентда бесоқолбозлар ҳимоячиси Бозоров ўғирлаб кетилгани айтилди