Тожикистонда коронавирус тарқалгани расман эълон қилинади

Тожикистонда коронавирус тарқалгани расман эълон қилинади

Тожикистон ҳукумати яқин вақт ичида мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат қайд этилганини эълон қилади, қатор туманларда карантин жорий этилади, деб хабар бермоқда «Интерфакс» Қирғизистон ҳукуматидаги манбасига таяниб. Бу ҳақда «Дарё» ёзмоқда.

«Яқин вақт ичида Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги оғир эпидемиологик вазият ва коронавирус қайд этилганлигини тан олади ҳамда республиканинг айрим туманларида карантин чораларини жорий этади», — деб айтган агентлик манбаси.

«Қўшни Тожикистонда 60 дан ортиқ киши карантинга олинган, улар орасида пойтахт мактаблари ўқитувчилари, ИИВ ходимлари, республика миллий банки ходимлари бор. Ўтган ҳафтада Тожикистон халқ-демократик партияси раиси ўринбосари Хайринисо Юсуфий карантинга олинди», — деган у.

«Интерфакс»нинг қайд этишича, 26 апрель куни Тожикистоннинг CОВИД-19 профилактикаси бўйича республика штаби коронавирус хавфи сабабли боғча, мактаблар ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида 27 апрелдан 10 майгача 2 ҳафталик таътил эълон қилишга қарор қилган. ОТМларда эса ўқиш давом этиши, ўзгаришлар бўлганда бу ҳақда қўшимча маълумотлар тақдим этилиши айтилган.

Шунингдек, 18 апрелдан бошлаб Рамазон ойида коронавирус тарқалишининг олдини олиш муносабати билан мамлакат масжидларида жамоат, жумладан, жума ва таровеҳ намозларини ўқиш тақиқланди, мамлакатда барча футбол учрашувлари 10 майгача тўхтатилди, хорижликларнинг мамлакатга кириш-чиқиши вақтинчалик тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳозирга қадар Тожикистон ва Туркманистонда коронавирус билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат расман эълон қилинмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларидан иборат гуруҳ шу ҳафта Тожикистон ва Туркманистонга ташриф буюриб, брифинг ўтказади ва таҳлил бўйича вазият қандай экани борасида расмий маълумот беради.

Манба: Aniq.uz

×