Хитойда тарқалган коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши хавфи қай даражада? Мамлакатда бунга қарши чоралар кўрилганми? Бугун, 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган Матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.
Расмийларнинг қайд этишича, Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ тизимидаги фаолият юритаётган стюард ва стюардесса ҳамда борт бошқарувчилари иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилган.
Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилган. Республикадаги аэропорт ва темир вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан коронавирус инфекциясини янги турини Ўзбекистон ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Коронавируснинг янги тури (nCoV) қарши олиб бориладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш тўғрисидаги методик услубий кўлланма лойиҳаси ҳам тайёрланган.
Анжуманда коронавирус касаллигининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қатъий назоратга олингани, Хитойдаги коронавирус бўйича эпидемик вазиятдан мамлакат аҳолисининг хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқлиги таъкидланди.
Qalampir.uz Tahririyati
Тасодифий хабарлар
Аҳвол жиддийлашмоқда: Тошкентда 200га яқин бемор аниқланди
Фитна ва урушга қарши: Қозоғистон фуқаролари тинч митингга чиқишди
Президент кутилмаганда «тайёрланмаган» маҳаллага борди
Қозоғистондаги тартибсизликлар: 8 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлди
ЖССТ Ҳиндистоннинг яна бир дорисидан огоҳлантирди