Тошкентда ЙПХ инспекторининг талабларига бўйсинмаган қизга чора кўрилди

Тошкентда ЙПХ инспекторининг талабларига бўйсинмаган қизга чора кўрилди

18 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Lacetti русумли автомобиль ва унинг ортидан ИИББ автомобили махсус ёруғлик сигналларини ёққан ҳолда ҳаракатланаётганининг видеоси тарқалди. Шунингдек кадрда ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг талабига бўйсинмагани ҳам акс этган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати ушбу факт бўйича қуйидагиларни маълум қилди.

17 октябрь куни тахминан соат 22:35 да Олмазор туманидаги Тошкент халқа автомобиль йўлидаги “Айвон” чойхонаси қаршисида ЙҲХБ ЙПХ инспектори М.З. ҳуштак ва жезл билан Lacetti русумли автомобиль (давлат рақами 01 D 616 ВВ) ҳайдовчисидан тўхташни талаб қилган.

Ҳайдовчи эса ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсинмасдан ҳаракатни катта тезликда давом эттирган, шундан сўнг ЙПХ ходими С.Х. қоидабузарнин автомобилини Lacetti русумли хизмат автомобилида (давлат рақами 01 673 VSC) таъқиб қила бошлаган.

Ортдан таъқиб қилиб келаётган патруль автомобили ҳам қоидабузарни фикрини ўзгартирмади. У ТХАЙ бўйича ҳаракатни давом эттириб, “Уч Қаҳрамон” ЙПХ постигача етиб борди, сўнг – Амир Темур ва Янги Шаҳар кўчалари кесишмасидаги айлана чорраҳасида бир оз вақт қарама-қарши йўналиш бўйича ҳаракатланган.

ЙҲХБ ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида соат 22:55 да автомобиль Юнусобод туманидаги Каймакова кўчасида (17-сон шифохона қаршисида) тўхтатилди. З.А.га тегишли бўлган автомобилни Тошкент вилоятида яшовчи 25 ёшли Гулираъно А. бошқариб борган. Автомобилни бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламидан ҳайдовчида фақат ишончнома бор эди.

Гулираъно А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) ва 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, унинг автомобили жарима майдончасига жойланди.Суннатилла Абдуллаев

×