Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарималар бўйича янги тартиб тасдиқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг жорий йил 4 сентябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги” йўриқномада белгиланган.
Унга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича маъмурий баённомалар, асосан, ЙҲХХнинг “Маъмурий амалиёт” электрон тизими орқали расмийлаштирилади. Ҳайдовчилар, гувоҳлар ва бошқа иштирокчилар электрон баённомаларни электрон имзо ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаши мумкин.
Шу билан бирга, ЙҲХХ ходимларининг қоидабузарлардан жойида жарима олиши қатъиян тақиқланади. Ҳайдовчи маъмурий жарима тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 кун ичида юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиши мумкин. Белгиланган муддатда шикоят берилса, қарор ижроси шикоят кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилади. Бунда маъмурий қамоқ тўғрисидаги қарорлар мустасно.
Шикоятни кўриб чиқиш жараёнида жарима тўғрисидаги қарор бекор қилинса, ундирилган пул қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади. Айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бир қоидабузарлик учун энг кўпи билан 2 балл берилади. Жарима баллари бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва ушбу муддат ўтгач автоматик равишда ўчирилади. Агар ҳайдовчининг жарима баллари бир йил ичида 12 баллдан ошса, қўшимча жазо масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари судга электрон шаклда юборилади.
Ҳужжатга кўра, жарима тўғрисидаги қарор чиқарилганидан кейин 60 кун ичида тўлов амалга оширилмаса, транспорт воситасини ушлаб туриш чораси қўлланиши мумкин. Бироқ ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизими, мобил илова ёки банк кассаси орқали тўлиқ тўлаб, тўлов тизимда тасдиқланса, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилмайди. Шунингдек, белгиланган истиснолардан ташқари, жарима ҳақидаги қарор олинганидан кейин 15 кун ичида унинг 50 фоизи ёки 30 кун ичида 70 фоизи тўланса, қолган қисмини тўлашдан озод этиш тартиби назарда тутилган.
Ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидабузарликларига оид маъмурий ишлар юзасидан яшаш жойидан қатъи назар, исталган ҳудудий маъмурий амалиёт марказига мурожаат қилишлари мумкин. Марказларда электрон навбат ташкил этилади. Мурожаатларни кўриб чиқишда фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилинмаслиги, зарур маълумотлар тегишли давлат идораларидан электрон тизим орқали олиниши белгиланган.
Мазкур йўриқнома расмий эълон қилинган кундан икки ой ўтиб, 2027 йил 6 январдан кучга киради.
Тасодифий хабарлар
Ҳабиб Конор билан бошқа жанг қилмайдими?
Рустам Жўраев Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари бўлди
Хитой Фаластинга ёрдам беришда давом этишини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев Владимир Зеленскийни табриклади
Ўзбекистонлик Челябинскда юк машина остида ҳалок бўлди