Энди Ўзбекистонда уй олмоқчи бўлганлар пулларини тўғридан тўғри қурувчига тўламайди. Бу ҳақда бугун, 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Ушбу ҳужжат билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар аниқ белгиланяпти.
Қайд этилишича, Президентнинг 2025 йил 27 январдаги Фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 июлдан улушдорлар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш тарафларнинг танловига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилмоқда. Бу тизим ҳозирда ҳам ишлаб турибди ва фуқаролар уй-жой сотиб олишда ундан фойдаланиши мумкин.
Фармонда 2026 йил 1 январдан маблағларни фақат эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси билан фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда.
Лойиҳада фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиниши механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, уларнинг пул маблағлари тўғридан тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади.
Ҳужжатда қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.
Лойиҳада қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган таъсирчан механизмлар ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда. Бу эса қурилишнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Лойиҳага кўра, улушли қурилиш ҳақидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимига жойлаштирилади. Бу орқали фуқаролар қурувчи, қурилиш объекти ва лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақидаги муҳим маълумотлар билан очиқ ва осон танишиш имконига эга бўлади. Шу тариқа, бу борада замонавий, шаффоф ва самарали тизим яратилади.
Мажлисда масъул қўмита – Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилган.
Таъкидланишича, мазкур жараёнда депутатлар бир неча бор жойларга чиқиб, қонун лойиҳасининг амалий аҳамиятини ўрганган. Жумладан, қурилиши олиб борилаётган кўп квартирали уйлар ўрганилиб, қурилиш жараёни ва улушдорлар билан ишлаш ҳолати жойида кўриб чиқилган, улушдорлар ва қурувчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланган. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммолар лойиҳани такомиллаштиришда асос бўлиб хизмат қилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда улушдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Депутатлар сайловчилар, оммавий ахборот воситалари, қурувчилар ва девелоперлар, банк-молия тизими вакиллари ҳамда соҳага дахлдор бошқа субъектлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганган. Билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар синчковлик билан таҳлил қилиниб, уларни қонун лойиҳасида акс эттириш масалалари кўриб чиқилган.
Илғор хорижий тажриба таҳлил қилиниб, бу соҳада фуқаролар ҳуқуқларини кафолатловчи механизмлар назарда тутилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида лойиҳа матни янада такомиллаштирилиб, унга қатор муҳим ўзгартиришлар киритилган.
Жумладан, улушли иштирок этиш шартномаси ва унга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар нотариал тасдиқланиши шарти белгиланган. Бу улушдор билан норасмий “қўшимча келишув” тузиб, шартнома шартларини ўзгартириш ҳолатларининг олдини олади.
Шунингдек, уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб топиш учун яна олти ой кутиш талаб этилмаслиги назарда тутилди. Қурувчининг камчиликларни бартараф этмасдан, фақат товон тўлаш йўли билан муаммоли объектлар реестридан чиқиб кетишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Тадбиркорлардан қонунда назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишининг олдини олиш мақсадида ноаниқ бўлган “қўшимча маълумотлар” шаклидаги нормалар чиқариб ташланди, 10 дан ортиқ ҳаволаки норма бўйича қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатлари аниқ белгиланган. Ўтиш тартиби назарда тутилиб, қонун кучга кирганидан кейин қурилишига рухсатнома олинган объектларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган. Бу қонуннинг ишлашида муаммоларнинг олдини олиб, амалдаги қурилишларнинг тўхтаб қолиши хавфини камайтиради.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, лойиҳага яна кўплаб юридик ва таҳририй ўзгартишлар киритилган. Хусусан, қонун лойиҳасидаги тушунчалар ва моддалар қайта таҳрирланиб, аниқлаштирувчи тузатишлар киритилди, такрорланувчи ва мазмунан ўхшаш моддалар ўзаро бирлаштирилди. Бу қонун нормаларининг аниқ, тушунарли ва-тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлайди.
Мажлисда қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг уй-жой қурилишига киритган маблағларини ишончли ҳуқуқий ва молиявий механизмлар орқали ҳимоя қилишга, бу борада замонавий, самарали ва шаффоф тизим яратишга, маблағларни қонунда белгиланмаган усулда жалб қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Тасодифий хабарлар
Путин Тожикистон Президентининг эътирозига қандай жавоб қилди?
Андижондаги фожиа сабаб ИИБнинг 5 ходими ишдан бўшатилди, 3 нафари қамалди, 19 нафари жазоланди
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилиш йўлида
Қозоғистон фаластинликларга ёрдам учун 1 млн доллар ажратади
Даҳшат! Тошкентда 16 яшар бола шериклари билан ўз онасини ўлдирди