Кеча, 13 июнь куни Андижондан келган машъум хабар бутун Ўзбекистонни ларзага солди. Ички ишлар бўлими маъмурий биносида Жиноят қидирув бўлими вакиллари томонидан шафқатсизларга қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов шифохонада жон бергани маълум бўлди. Ҳолат бўйича маълумот берган Бош прокуратура уч нафар Ички ишлар ходими қамоққа олингани ва жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
Бугун, 14 июнь куни Ички ишлар вазирлиги тизимда юз берган одамгарчиликка тўғри келмайдиган, шафқатсизлик бўйича баёнот берди.
"Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А. Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, А.Абдукаримов 11 июнь куни вафот этган.
Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, уч нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу фуқарога нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тергов жараёнида ўрганилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан зудлик билан хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилган текширув хулосасига кўра, фуқаро А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар бўйича бир қатор ходимларга нисбатан кескин интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Хусусан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ҳеч бир ходим кечирилмайди. Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилади ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланади", дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистонда тергов органларида қийноққа солишлар бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. Тергов органларидаги қийноқ масаласида сайтимизда ҳам жиддий журналистик суриштирув натижалари эълон қилинганди. “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақолада “Бекобод металлургия иши” жиноий иши бўйича бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани ва улар Бош прокуратура биносида аёвсиз таҳқирлангани ҳамда қийноққа солингани ҳақида сўз юритилган.
Тасодифий хабарлар
«Реал» Килиан Мбаппени миллиард еврога сотиб олмоқчи
Наманганда мутахассис янгича фирибгарликка қўл урди
2021 йилда хориждан қанча ўзбекистонликнинг жасади олиб келинди?
Наманганда Cobalt чуқурга тушиб кетиши оқибатида йўловчи ҳалок бўлди
Вадим Абрамов мағлубиятда футболчилар ва мухлисларни сабаб қилиб кўрсатди