Чилонзор туманида юз берган ҳодиса тўғрисидаги тезкор хабар

Чилонзор туманида юз берган ҳодиса тўғрисидаги тезкор хабар

7-декабрдан 8-декабрга ўтар тунда тахминан соат 3.10 да Чилонзор туманидаги Муқимий ва Байналминал кўчалари кесишмасида “Лабо” русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи бетон тўсиққа тўқнашган. ЙТҲ натижасида “Лабо” автомобили ағдарилиб кетган. Ҳайдовчига ёрдам бериш учун ИИББ ходимлари ва ҳодиса гувоҳлари келиб, автомобилни ғилдиракларига ўнглаб қўйишган. “Лабо” ҳайдовчиси кабинадан чиқмас эди. Воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ППХ ходими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ЙТҲ ҳақида хабар берди. Ҳайдовчидан тиббий ёрдам кераклиги ҳақида сўрамоқчи бўлганида, ППХ ходими ҳайдовчининг ғайритабиий ҳаракатлари ва гапларига, ҳамда ҳаракатларида мувофиқлик йўқлигига эътибор қаратиб, бу ҳақда ЙПХ инспекторларини огоҳлантирган эди. Тахминга кўра ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда ҳайдовчи ЙТҲ жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб,  тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган.

Ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса унга жароҳат етказиши билан қўрқитарди. Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келди. Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилади. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қўрол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчимоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди.

Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида у – Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 (“Қасддан одам ўлдириш”) ва 109-моддалари (“Қасддан баданга енгил шикаст етказиш”) бўйича судланган 43 ёшли Нусрат И. эканлиги маълум бўлди.

“Лабо” автомобили салонида очиқ ҳолатдаги ароқ ва коньяк шишалари топилди.

Ҳозирги вақтда фуқаро Нусрат И. ўз ҳаракатларини тушунтиришга қодир эмас, чунки у айни дамгача маст ҳолатдадир. 

Чилонзор тумани прокуратураси Нусрат И.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Джураев Р. ходимларни рағбатлантириш ҳақида топшириқ берди.

Маълумот учун: ўқотар қуролни қўллаш Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси билан белгиланган.

×