Карантин яна кучайса, стикерлар амал қиладими?

Карантин яна кучайса, стикерлар амал қиладими?

Хабарингиз бор, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатларининг кўпайгани сабабли бугун, 28 июндан эътиборан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан қатор карантин чекловлар жорий қилинди. Жумладан, Тошкент шаҳрига айрим тоифа транспорт воситаларидан бошқа автомобилларнинг киришига чеклов жорий қилинди.

Коронавирус билан боғлиқ чекловлар келгусида кучайтирилиб, ўтган йилдагидек, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автомобилларнинг ҳаракатлариниши чеклангудек бўлса, 2020 йилда транспорт воситаларининг карантин вақтида ҳаракатланиши учун жорий қилинган махсус рухсатнома (стикер) яна амал қиладими? QALAMPIR.UZ шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Давлат хизматлари агентлиги Матбуот котиби Севара Зокировага мурожаат қилди.

Чарос Шодмонқулова, мухбир: — Ўтган йили Давлат хизматлари агентлиги томонидан чиқарилган ва автомобилларга берилган стикерлар бу йил ҳам амал қиладими?

Севара Зокирова, Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби: — Ўтган йили чиқарилган стикерларни бекор қилиш бўйича ҳозирча Республика махсус комиссияси томонидан ҳеч қандай қўшимча қарор қабул қилингани йўқ. Шу сабабли бугунги кунда карантин вақтида ўтган йилги стикерлардан фойдаланиш мумкин.

Ч.Ш.: —Вилоятлар бўйлаб маҳсулот ташувчилар, интернет дўконлар, ишлаб чиқарувчилар автомобиллардан қандай фойдаланади?

С.З.: — Бу масала бўйича Давлат хизматлари агентлиги ваколатли идора ҳисобланмайди. Бунда ваколатли идорага мурожаат қилиш ўринли деб ўйлайман. Лекин эслатма тариқасида шуни айтмоқчиманки, Республика махсус комиссиясининг баёнига кўра, ўтган йилнинг 9 апрелидан бошлаб Давлат хизматлари марказлари томонидан автомобилда ҳаракатланиш учун бериладиган рухсатномалар тақдим этиш тартиби тўхтатилган эди.  

Шунингдек, стикерлар олиш учун фуқарорлар Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ эмас. Чунки ҳозирда Давлат хизматлари марказлари орқали стикерлар бериш тартиби белгиланмаган.

Ч.Ш.: — Ситикерлар бериш тартиби яна қайтадан жорий қилиниши мумкинми?

Севара Зокирова, Давлат хизматлари агентлиги матбуот котиби: — Агар стикерларни яна қайтадан жорий қилиниши мақсадга мувофиқ, деб топилса, унда Республика махсус комиссияси томонидан қўшимча маълумот ва ахборот берилади. Шунингдек, бугунги кунда автотранспортларнинг ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари орқали аввал берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловларида амал қилиши белгиланган.

Шоҳрух Олимжонов - Qalampir.Uz

×