Дунёда халқаро чегарадан паспортсиз ўтиши мумкин бўлган уч киши бор, улар Буюк Британия қироли Чарльз III ҳамда Япония императори Нарухито ва император хоними Масакодир. Бу ҳақда “The European Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Чарльз III Буюк Британия тахтига ўтирганидан сўнг ушбу имтиёзга эга бўлган. Британия қироллик оиласининг расмий сайтида монарх хорижга сафар қилиш учун Британия паспортига муҳтож эмаслиги қайд этилган.
Бунга сабаб – Британия паспортларида қирол номидан хорижий давлатлар вакилларига ушбу ҳужжат эгасига мамлакатга киришда тўсқинлик қилмаслик, зарур бўлса, унга ёрдам ва ҳимоя кўрсатишни сўровчи расмий мурожаат бўлиши билан изоҳланади. Шу сабабли қиролнинг ўзи бундай паспортга эга бўлиши шарт эмас.
Мазкур имтиёз аввал қиролича Елизавета II га ҳам тегишли бўлган. У вафот этганидан кейин ушбу ҳуқуқ янги монарх Чарльз III га ўтган. Келажакда Британия тахтига бошқа қирол ёки қиролича келадиган бўлса, қоида унга ҳам татбиқ этилади. Бироқ қиролнинг рафиқаси қиролича Камилла бу имтиёздан фойдалана олмайди. Қироллик оиласининг бошқа аъзолари, жумладан Уэльс шаҳзодаси Уильям ҳам паспортга эга.
Япония императори Нарухито ва унинг рафиқаси Масако учун эса паспортсиз сафар қилиш тартиби бошқача асосга эга.
Маълумотларга кўра, 1971 йилда Япония Ташқи ишлар вазирлиги император Хирохито ва унинг рафиқаси Кожуннинг хорижга тарихий сафари олдидан император ёки император хоними учун оддий ёхуд дипломатик паспорт бериш ҳамда уларни одатий паспорт ва виза тартиб-таомилларидан ўтказиш “ўта ноўрин” бўлишини белгилаган.
Шундан буён Япония императори ва император хоними халқаро сафарларда паспортсиз ҳаракатланади. Бироқ бу улар хорижга ҳеч қандай ҳужжатсиз боради дегани эмас. Сафар олдидан Япония Ташқи ишлар вазирлиги бориладиган давлатни дипломатик каналлар орқали хабардор қилади ва зарур расмий тартиб-таомиллар давлатлар ўртасидаги махсус ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Япония император оиласининг бошқа аъзолари эса бундай имтиёзга эга эмас. Улар, жумладан хорижий расмий ташрифлар вақтида, дипломатик паспортлардан фойдаланади.
Шу тариқа, Чарльз III, Нарухито ва Масако халқаро сафарлар вақтида одатий паспортдан фойдаланмайдиган 3 нафар амалдаги давлат арбоби сифатида қайд этилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади
«Инстаграм» аккаунтни осон тиклаб бермоқчи
Айрим шифокорларнинг маоши оширилади
Наманганда "Lacetti" велосипедчини уриб юборди
Путин Сочига келган Эрдўғанга нима совға қилгани маълум бўлди