Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга оид жиноят иши 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида кўриб чиқилади. Бу ҳақда суд материалларида маълум қилинган.
Суд ҳужжатларига кўра, Абдуллаев Бекмурод Тожимирзаевич Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) “а”, “б” ва “г” бандлари бўйича айбланмоқда.
Мазкур жиноят иши доирасида жами 30 нафар шахсга нисбатан айблов қўйилган. Қайд этилишича, уларнинг аксарияти Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан бир қаторда бошқа иқтисодий ва мансабга оид жиноятларда ҳам айбланмоқда.
Илова қилинган суд рўйхатига кўра, айбланувчилар орасида собиқ мансабдорлар Ҳошим Йўлдошев, Жаҳонгир Қурбонов ва Дилшод Ташев ҳам бор. Уларга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, шунингдек айрим ҳолатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби моддалар бўйича айбловлар илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрель ойидан Ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У 2025 йил 3 ноябрь куни лавозимидан озод этилган.
2026 йил январь ойида эса Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва унинг қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалган.
Тасодифий хабарлар
Қизнинг суратларини Телеграмда тарқатиб, шарманда қилган йигит ушланди
Samsung илк уч қаватли смартфонини тақдим этди
Malibu ҳайдовчиси чақирган сохта ходимлар ЙПХ инспекторларига таҳдид қилди
Хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонликни олдини олиш зарур
Олимлар яқин 10 йилда рекорд даражадаги жазирама ҳақида огоҳлантиришди