Ўзбекистон иқтисодиётида сакраш: инфляция тушади, даромадлар ортади

Ўзбекистон иқтисодиётида сакраш: инфляция тушади, даромадлар ортади

Ўзбекистонда ЯИМнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари аввал прогноз қилинган 6,6 фоиз ўрнига, сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич – 8,1 фоизга етиши мумкин. Бунда инфляция кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан 7 фоизли тебранишда сақланиб туриш ўрнига жорий йил учун 6,5 фоизли натижа прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2027–2029 йиллар учун янгиланган фискал стратегиясида қайд этилди.

Миллий прогнозларга кўра, мамлакатда иқтисодий ўсиш 2026 йилда 8,1 фоиз, 2027 йилда 6,9 фоиз, 2028 йилда 7,1 фоиз, 2029 йилда 7,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Бунда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2027–2029 йилларда 6,7–7,9 фоиз, бозор хизматларининг эса 14,3–15 фоиз атрофида ўсиши иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга ушбу даврда қишлоқ хўжалигида ўсиш суръати 5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинди.



Кутилмада кўрсатилишича, ўтган йилга нисбатан инфляция кўрсаткичи 6,5 фоизни қайд этган бўлса, шу суръатда 2028 йилга бориб бу 5 фоизга тушиши мумкин.Шунингдек, консолидациялашган бюджет даромадлари учун жорий йилги кутилма 590 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан мос равишда 27 фоиз), харажат эса 638 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан мос равишда 29,2 фоиз) кўрсатади. Бунда мос даврдаги консолидациялашган бюджет даромадлари прогнози харажатларга нисбатан пасайиши кутилмоқда.

Жорий йилги бюджет тақчиллиги эса ЯИМга нисбатан –3 фоизга пасайиши прогноз қилинган.


Ҳужжатга кўра, жорий йил якунларига номинал ЯИМ 2,183 квадриллион сўмни (тахминан 180 млрд доллар) ташкил этиши мумкин. Бу давлат бюджети тўғрисидаги қонунда белгиланган кўрсаткичдан 207 трлн сўмга кўп.Йўналишлар кесимидаги кутилмалар

2027–2029 йилларда юқори ва барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашда асосий йўналишларда ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар амалга оширилиши инобатга олинган. Жумладан,

  • “Навоий КМК”да кейинги уч йилда умумий қиймати 1,2 млрд АҚШ долларлик 5 та йирик лойиҳа, “Олмалиқ КМК”да эса 2,5 млрд АҚШ долларлик 4 та йирик лойиҳа амалга ошириш орқали металлургия саноатида ишлаб чиқариш қувватлари оширилади;
  • автомобилсозликда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириб, 700 минг донага етказиш чоралари кўрилади;
  • электротехника саноатида қиймати 3,3 млрд АҚШ долларлик 121 та янги юқори технологияли ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилади. Натижада, мисни қайта ишлаш ҳажми 1,3 баробарга ошиб, 145 минг тоннадан оширилади ҳамда жами электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробарга ошиб, соҳада қўшилган қиймат улуши 21 фоиздан 30 фоизга етказилади;
  • электр энергетикасида 11,7 ГВт қўшимча қувватлар, шу жумладан 2 ГВт қуёш, 5,4 ГВт шамол электр станциялари, 3,7 ГВт замонавий иссиқлик электр станциялари ва 560 МВт электр энергиясини сақлаш тизимларини ишга тушириш ҳисобига 2028 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 108,5 млрд кВт/соатга етказиш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, автомобилсозликда 2026 йил якунига қадар 510 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилади, жумладан, “UzAuto Motors” томонидан 396 минг дона, “BYD Uzbekistan Factory” томонидан 40 минг дона, “Volkswagen” томонидан 5 минг дона ҳамда “ADM Jizzakh” томонидан 69 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилади.


Шунингдек, фазовий-ҳудудий режалаштириш (spatial planning) тамойиллари асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, уларнинг иқтисодий ихтисослашуви ва инфратузилма эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўсиш манбаларини кенгайтириш чоралари кўрилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бўйича фазовий-ҳудудий стратегия ҳамда пилот сифатида “Янги Ўзбекистон” мақомидаги 33 та туман ва шаҳарлар бўйича фазовий-ҳудудий режаларни ишлаб чиқишга нуфузли хорижий шаҳарсозлик компаниялари жалб этилмоқда.

Бундан ташқари, темир йўл транспорти соҳасида “Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой” ва “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” халқаро темир йўл лойиҳаларида иштирок этиш, “Нукус–Мискин–Урганч–Бухоро” янги тезюрар темир йўл линиясини ишга тушириш, шунингдек Тошкент шаҳрини Янгийўл, Чиноз, Сирдарё ва Гулистон шаҳарлари билан боғловчи шаҳарлараро тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш чоралари амалга оширилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат буджетидан 2027-йилда 30,1 трлн сўм миқдорда субсидиялар ажратилиши режалаштирилмоқда. Бунда субсидиялар миқдори 2026-йилда жами Давлат буджети харажатларининг 7,1 фоизини ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2027-йилда 6,6 фоиз, 2029-йилга келиб 5,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Яширин иқтисодиёт

Яширин иқтисодиётни қисқартиришда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, рақамлаштириш ва хавфларни аниқлашга қаратилган манзилли ёндашувлар жорий этилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиёт даражаси 2019 йилги ЯИМнинг 50 фоизидан 2025 йилга келиб 25 фоиз атрофигача камайган.

Бу кўрсаткич келгуси уч йил давомида 20 фоизгача тушиши прогноз қилинган.

Макроиқтисодий кўрсаткичлар

Юқоридаги шарт-шароитлар асосида шакллантирилган прогнозларга кўра ўрта муддатли даврда иқтисодий ўсиш ўртача 7 фоиз атрофида сақланиб қолиниши кутилмоқда.

Хусусан, ЙИМнинг реал ўсиши 2027 йилда 6,9 фоиз, 2028 йилда 7,1 фоиз ва 2029 йилда 7,4 фоиз даражасида шаклланиб, аҳоли жон бошига ЙИМ ҳажми 2027-йилги 5 106 АҚШ долларидан 2029 йилга бориб 6 203 АҚШ долларигача ошиши прогноз қилинмоқда.


Теглар:
×