Россияга қарши санкциялар Ўзбекистонга ҳам таъсир қиляпти – Комилов

Россияга қарши санкциялар Ўзбекистонга ҳам таъсир қиляпти – Комилов

Россияга қарши ғарб томонидан жорий этилган чекловчи чоралар, санкциялар Ўзбекистонга ҳам тўғридан-тўғри таъсир қиляпти. Бу ҳақда бугун, 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

“Ҳозирда мамлакатимизни бундай санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган ва уларнинг салбий таъсирининг олдини оладиган чора-тадбирларни амалга ошириш биз учун муҳим аҳамият касб этади”, дейди Комилов.

Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қандай қилиб бу оғир оқибатларнинг олдини олиш мумкинлиги борасида кўп мажлислар ўтказаётганини урғулаган. Шунингдек, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин ушбу мамлакатдаги элчихона ходимларининг оила аъзоларини ортга қайтаришга уриниш бўлгани таъкидланди.

“Аввало биз шу воқеалар бошланишидан олдин оғир вазият бўлиши мумкинлигини сезган эдик. Элчихона ходимларининг оила аъзоларини ёш болаларни қайтаришга ҳаракат қилдик. Лекин, очиғини айтсак, бу кутилмаган вазият бўлди. Шунинг учун ҳозирги оғир шароитда биз ҳаракат қилиб, Украинадаги, Польшадаги  элчихонамиз, Туркиядаги дипломатлар, ТИВ ходимларининг бир нечта гуруҳларини Тошкентдан Польшага, Украинага юбордик. Ҳаммамиз биргалашиб, эвакуация, яъни фуқароларимизни Ватанга қайтаришга ҳаракат қилдик. Бизга Польша жуда катта ёрдам берди. Польшанинг Президенти жаноб Дуда (Анжей Дуда – таҳр.) мана шу ҳаракатларимизни назоратга олиб, ёрдам берди”, дейди Комилов.

Унинг сўзларига кўра, ўз пайтида расмий Тошкент Польша фуқароларини Афғонистондан Ўзбекистон орқали ортга қайтишига жуда катта ёрдам берган.

Эслатиб ўтамиз, Сенатдаги нутқи давомида Комилов Ўзбекистон Украина шарқида айирмачилар тузган Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олмаслигини билдирганди.

×