BMW’да ЙПХ инспекторини уриб юборган ўсмирнинг суди бошланди

BMW’да ЙПХ инспекторини уриб юборган ўсмирнинг суди бошланди

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW билан йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган эди. Ҳодиса бўйича Дониёр Турғунов устидан суд жараёни бошланган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров маълум қилди.

Унинг билдиришича, иш вояга етмаган шахс иштирокида бўлгани учун суд жараёни ёпиқ тарзда ўтмоқда. Дастлабки суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида жорий йилнинг 26 июнь куни бўлиб ўтган.

Иш судга Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми “д” банди (одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан тақдим этилган.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборганди.

Кейинроқ, 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органи ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши белгиланди.

Жорий йилнинг март ойида бошида инспекторни уриб кетган ўсмир Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум бўлди. Жиноят иши доирасида Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилгани хабар қилинди.


Теглар:
×