Энди маҳкумлар китоб ўқиб тезроқ озодликка чиқади. Тартиб қандай?

Энди маҳкумлар китоб ўқиб тезроқ озодликка чиқади. Тартиб қандай?

Ўзбекистонда энди маҳкумлар ўқиган ҳар бир китоб учун уларнинг жазо муддати 3 кунга қисқаради. Бунинг учун улар махсус тест топширади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 12 июнь куни қабул қилинган “Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.


Унга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхати ҳар йили 1 январга қадар тасдиқланади. Шундан сўнг бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига тақдим этилади.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг жазони ўташ даврида тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича имтиҳон махсус дастурий таъминот орқали инсон омилини истисно этган ҳолда, тест синовлари шаклида ўтказилади.

Талабгорнинг жазо муддати ҳар бир ўқиган китоби учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача қисқартирилади. Бунда талабгор ўқиган китоби бўйича тест синовини бир йилда икки маротаба топширади. Ҳар бир адабиёт бўйича 25 тадан иборат тест топшириғИ шакллантирилади ҳамда ҳар бир тест топшириғи учун икки дақиқа вақт ажратилади. Махсус дастур орқали ҳар бир адабиёт бўйича тест синови жами 100 баллик тизим асосида ҳисобланиб, ҳар бир тест саволи учун 4 баллберилади. Талабгор томонидан ҳар бир адабиёт бўйича 70 ва ундан юқори балл тўпланган тақдирда тест синови муваффақиятли топширилган ҳисобланади.


Теглар:
×