Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Абу Дабида Бирлашган Араб Амирликлари миллий терма жамоасига қарши ўйнайди. Ўзбекистонликлар учун ЖЧ йўлланмасини тақдим этиши мумкин бўлган баҳс олдидан иккала терма жамоа мураббийлари ва футболчилари расмий матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
Дастлаб БАА терма жамоаси бош мураббийи Космин Олерою анжуманда иштирок этди.
“Рақибимиз Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Эртанги учрашувда муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, деди БАА терма жамоаси бош мураббийи.
Шунингдек, Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Темур Кападзе ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди.
“Рақибни ўрганиб чиқдик. Ўйинга ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўрдик. Тўғри, уларда янги мураббий тайинланди. Бироқ у бугун пайдо бўлиб қолмаган. Уларни ўрганишга ҳаракат қилдик. Асосийси, ўз ўйинимиз ҳақида ўйлашимиз ва яхши ўйин кўрсатишимиз лозим. Албатта, бу босқичга етиб келиш учун футболчилар астойдил меҳнат қилди. Бизни иккита муҳим ўйин кутиб турибди, ҳаммаси ўз қўлимизда. Эртага ғалаба қозониб, кейинги ўйинга тайёрланишимиз керак. Сречко Катанецнинг соғлиғи жойида. Унинг ёрдамчилари бугунги кунда менинг штабимда фаолият юритмоқда”, деди Кападзе.
Ушбу матбуот анжуманида терма жамоа аъзоси Жалолиддин Машарипов ҳам иштирок этиб, ўйин борасидаги фикрларини айтиб ўтди.
“Эртага тарих яратишимиз керак ва ўзбек халқининг куни бўлиши лозим. Барча учун қўлдан келганча катта байрам қилиб беришга ҳаракат қиламиз. Бу ергача келганимиз бекорга эмас. Вақти келди ва биз Жаҳон чемпионатига боришимиз керак. Эртага ўзимизни оқлашга ҳаққимиз йўқ. Шу пайтгача оқлаб келдик. Мақсадимиз – бутун Ўзбекистонни хурсанд қилиш”, деди Машарипов.
Маълумот учун, БАА – Ўзбекистон ўртасидаги баҳс бугун, 5 июнь куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади. Ушбу учрашувдаги дуранг натижа ҳам Ўзбекистон МТЖни тарихда илк бор мундиалга олиб чиқади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва ВКонтакте блокдан чиқарилиши кутилмоқда
Фьюри Усикни эзиб ташламоқчи
Bokschilarga prezident sovg‘alari topshirildi
Фуқароларни Европага ишга юборишини ваъда қилган МЧЖ раҳбари ушланди
Россия коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринга чиқди