Собиқ президент қароргоҳи ўрнида стадион, масжид ва тураржой қурилади

Собиқ президент қароргоҳи ўрнида стадион, масжид ва тураржой қурилади

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги собиқ президент қароргоҳидаги 226 гектар ер болалар эҳтиёжлари учун эмас, балки стадион, масжид ва тураржойлар қурилиши учун берилиши мумкин. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.


Қайд этилишича, мамлакатдаги собиқ президентнинг бир нечта қароргоҳларини болалар эҳтиёжлари учун топшириш ташаббуси 2023 йил февралида бошланган эди. Ўшанда Костанай, Тараз, Оқтау, Отирау ва Оқтўбе шаҳарларидаги қароргоҳларини болалар эҳтиёжлари учун бериш режалаштирилган. 

Манғистау вилоятидаги собиқ президентнинг қиймати 1 миллиард тенгега тенг қароргоҳи Каспий денгизи соҳилида, Оқтау шаҳри чеккасида жойлашган. Асосий бинога яқин жойда кўкаламзор ҳудуд, асфальт йўл ва ҳатто вертолёт майдончаси мавжуд. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш учун қирғоқда кичик бино ва қайиқ учун тўхташ жойи бор. 

2023 йилнинг февралида ташаббус эълон қилингач, Манғистау ҳокимлиги бу қароргоҳни болаларга бериш устида иш бошлаганини билдирган эди. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, ер хусусий мулкда бўлган. Ўша йилнинг август ойида расмийлар ҳудудни давлат тасарруфига қайтаришга эришганини маълум қилган. 

2024 йил декабрида эса, бу ерда 10 минг ўринли стадион, масжид, болалар майдончалари ва кичик ҳамда ўрта бизнесни ривожлантирувчи объектлар қурилиши режалаштирилгани маълум қилинган.


Теглар:
×