Ҳеч қачон никоҳда бўлмаган инсонларда саратон касаллигига чалиниш хавфи оилали кишиларга қараганда юқорироқ. Майами университети тадқиқотчилари шундай хулосага келди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Cancer Research Communications” (CRC) журналида эълон қилинди.
Олимлар 2015 йилдан 2022 йилгача АҚШнинг 12 та штатида 30 ёшдан ошган шахслар орасида қайд этилган 4 миллиондан ортиқ онкологик касаллик ҳолатларини таҳлил қилган. Маълум бўлишича, ҳеч қачон никоҳда бўлмаган эркакларда саратон билан касалланиш кўрсаткичи оилалиларга нисбатан 68 фоизга, аёлларда эса 85 фоизга юқори бўлган.
Шу билан бирга, муаллифлар никоҳ саратондан тўғридан тўғри ҳимоя қилиши ҳақида гап кетмаётганини таъкидламоқда. Аниқланган боғлиқлик ортида бошқа омиллар – турмуш тарзи, стресс даражаси, чекиш каби одатлар, шунингдек, тиббий ёрдам ва мунтазам текширувлардан ўтиш имконияти туриши мумкин.
Энг катта фарқлар саратоннинг айрим турларида қайд этилган. Масалан, бўйдоқ эркакларда аналь канали саратони тахминан беш баравар, турмушга чиқмаган аёлларда эса бачадон бўйни саратони қарийб уч баравар кўпроқ аниқланган. Иккала касаллик ҳам папиллома вируси (ОПВ) билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолатларда мунтазам скрининг ва профилактика муҳим роль ўйнаши мумкин.
Текширув дастурлари яхши ривожланган саратон турларида (масалан, кўкрак бези ёки простата бези саратони) фарқлар у қадар сезиларли бўлмаган. Тадқиқот кузатув характерига эга бўлиб, вақт давомидаги ўзгаришларни кузатмаган, шу сабабли тўғридан тўғри сабаб-оқибат боғлиқлигини ўрнатиш имконини бермайди. Шунга қарамай, олимлар оилавий ҳолат хавфнинг муҳим ижтимоий белгиси бўлиб хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Муаллифларнинг таъкидлашича, никоҳда бўлмаган инсонлар профилактикага алоҳида эътибор қаратиши: мунтазам текширувлардан ўтиши, турмуш тарзини кузатиб бориши ва ўз вақтида тиббий ёрдамга мурожаат қилиши жуда муҳим.
Тасодифий хабарлар
Макгрегор Порьега қарши реванш жанг санасини ошкор қилди
Шавкат Мирзиёев Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди
Имомали Раҳмон Афғонистондан Марказий Осиёга кутилаётган хавфни айтди
Массаж ниқоби остида мижозларга интим хизмат кўрсатган 11 нафар қиз ушланди
“Оmicron” ва “дельта” штаммлари бир вақтнинг ўзида юқиши мумкинлиги аниқланди