АҚШ разведкаси Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг Теҳрон томонидан Америкага қарши эҳтимолий ҳужумлар содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда махфий манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги қошидаги Разведка ва таҳлил бошқармасига кўра, Хоманаий АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ўлдирилганидан кейин Эрон ва унинг прокси кучлари жавоб тариқасида АҚШ ҳудудига ҳужум уюштириши мумкин. Шу билан бирга, разведка маълумотларига кўра, кенг кўламли тўғридан-тўғри ҳужум эҳтимоли паст баҳоланмоқда.
Маълумотда таъкидланишича, яқин истиқболда асосий хавотир оширилиши мумкин бўлган киберҳужумлар, жумладан сайтларни бузиш ва DoC-ҳужумлар билан боғлиқ.
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм агентликка берган изоҳида миллий хавфсизликка оид ҳар қандай эҳтимолий таҳдидларни диққат билан кузатиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида федерал разведка ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бевосита мувофиқлаштириш ишларини олиб бораётганини билдирган.
Эронда Хоманаий ўлими ортидан 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилинган ва фуқаролар учун етти кунлик дам олиш куни жорий этилган. Мамлакат Президенти Масъуд Пезешкиён Исроил ва АҚШ олий раҳбарни ўлдириш орқали бутун дунё мусулмонларига қарши уруш эълон қилганини айтиб, қасос олишга ваъда берган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса Хоманаий АҚШ учун тўғридан-тўғри нишон бўлмаганини таъкидлаган.
Россия Президенти Владимир Путин Оятуллоҳнинг ўлимини “инсоний ахлоқ ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда содир этилган қотиллик” деб баҳолаган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон Фаластинга 1,5 млн доллар ёрдам ажратади
Ўзбекистонда майнинг сўнгги ҳафтасида об-ҳаво рекорд даражада исийди
Наманган шаҳар ҳокими Покистонда муҳим шартномалар имзоламоқда
Ўзбекистонда «Хизб ут-Тахрир» аъзолари фаолиятига чек қуйилди
Алишер Усмонов Наманган учун «Спутник V» вакцинаси ажратилишини сўради