Афғонистон билан чегара орқали Тожикистонга ноқонуний кирган 4 нафар қуролланган террорчи йўқ қилинди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот марказининг “Ховар” ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган баёнотида айтилади.
Унинг маълумотларига кўра, террорчилик ташкилотининг тўрт нафар қуролланган аъзоси 18 январга ўтар кечаси Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидан Тожикистоннинг Хатлон вилояти ҳудудига ноқонуний равишда кирган. Хабарда қайд этилишича, террорчилар чегарачиларнинг таслим бўлиш ҳақидаги буйруғига бўйсунмаган ва қуролли қаршилик кўрсатган.
“Жанговар ҳаракатлар давомида тўрт нафар террорчининг барчаси йўқ қилинди”, дейилади баёнотда.
Воқеа жойида учта Калашников автомати, милтиқ, тўппонча, патронлар ва бошқа ўқ-дорилар, шунингдек, учта мобиль телефон, рация ва қайиқ мусодара қилинган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бундан буён ҳам барча куч ва воситалардан фойдаланилишини маълум қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда тожик-афғон чегарасидаги вазият назорат остида экани қайд этилган.
Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вазият
2025 йил ноябрь ва декабрь ойларида Афғонистон томонидан Тожикистон ҳудуди икки марта ўққа тутилди. Ушбу ҳужумлар оқибатида Хитойнинг беш фуқароси – "Шохин СМ" корхонаси ва қурилиш компанияси ходимлари ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Афғонистон фуқароларининг провокацион ҳаракатларини кескин қоралади ва бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чораларини кўришни буюрди. Республика ТИВ, шунингдек, Афғонистоннинг амалдаги расмийларини давлат чегарасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга чақирди.
24 декабрь куни Тожикистонда Афғонистон билан чегарада тўртта янги пост очилгани ҳақида хабар берилганди. Шу куни яна бир тўқнашув содир бўлди, оқибатда чегарани ноқонуний кесиб ўтган террорчилик ташкилотининг уч аъзоси йўқ қилинди, Тожикистон чегара хизматининг икки ходими ҳалок бўлди.
2024 йил ноябрь ойида Остонада бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясида Тожикистон-Афғонистон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича КХШТнинг мақсадли давлатлараро дастури қабул қилинди. Ўша пайтда ташкилот бош котиби лавозимида ишлаган Имангали Тасмагамбетов беш йилга мўлжалланган дастурни амалга ошириш 2025 йилда бошланишини маълум қилган эди. Декабрь ойида КХШТ Котибияти маслаҳатчиси Павел Саркисян Тожикистон ушбу дастур доирасида чегарани қўриқлаш учун зарур бўлган қурол-яроғ ва жиҳозлар рўйхатини аллақачон шакллантирганини ва ҳозирда ташкилотга аъзо бошқа давлатларда ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди.
Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида Афғонистон билан энг узун чегарага (1 344 км) эга ва унинг тўртта шимоли-шарқий вилояти билан бевосита чегарадош.
2021 йилда АҚШнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қароридан сўнг “Толибон” ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга олди. Тожикистон томони маълумотларига кўра, Афғонистон ҳудудида, жумладан, унинг шимоли-шарқий қисмида турли террорчилик ташкилотлари жангарилари фаолият юритмоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони ортди
Андижонда маҳбуслар мажбуран ишлатилган ҳибсхона раҳбари ишдан олинди
Расман! Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятига ҳоким этиб тайинланди
АҚШда отиб ўлдирилган ўзбекистонлик ўсмирнинг жанозасида шаҳар мэри иштирок этди
Маҳкумлар ҳам интернетдан фойдаланиши мумкин бўлади