Навоийдаги “Темирчи” олтин кони 67,7 млрд сўмга сотилди

Навоийдаги “Темирчи” олтин кони 67,7 млрд сўмга сотилди

Кеча, 18 август куни Навоий вилоятининг Нурота туманида жойлашган “Темирчи” олтин кони аукционда 67 млрд 780 млн 777 минг сўмга сотилди. Бу ҳақда E-auksion платформаси маълумотларида келтирилган.

Маълумотларга кўра, “Темирчи”нинг бошланғич баҳоси 4 млрд 120 млн 412 минг сўмни ташкил этган. “Zauris” МЧЖ бошланғич баҳодан қарийб 16,5 баравар юқори нарх – 67 млрд 780 млн 777 минг сўм таклиф қилиб, конни сотиб олган. Аукцион 12 соат давом этиб, бу вақт оралиғида жами 309 та таклиф берилган.

Ягона давлат реестри маълумотларига кўра, “Zauris” жорий йилнинг июль ойида Тошкентда ташкил этилган. Асосий фаолият тури – рангли металл рудаларини қазиб олиш. Компаниянинг таъсисчиси ва раҳбари Феруза Файзиева бўлиб, у 10 миллион сўм устав капиталининг 100 фоизига эгалик қилади.

Бундан ташқари, Файзиева 2020 йилдан молиявий активларни бошқариш бозорида фаолият юритиб келаётган Marex Financial компаниясининг 70 фоизлик улушига эга ҳамкор ҳисобланади. Компаниянинг иккинчи таъсисчиси Марат Қурбонгелдиев бўлиб, унга 30 фоиз улуш тегишли. Шунингдек, у 2023 йилда асос солинган Marex Com компаниясига ҳам эгалик қилади. Мазкур фирмаларнинг устав капитали мос равишда 18,33 миллион ва 1 миллион сўмни ташкил этади.

Маълумот учун, “Темирчи” олтин кони Зафаробод қишлоғидан 26,7 км шимоли-ғарбда ва Навоий шаҳридан 35 км шимолда жойлашган. Унинг майдони 249 гектар бўлиб, лот ҳужжатларига кўра, кон захираси 6 тонна олтинни ташкил этади.


Теглар:
×