Сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси 13,1 фоиздан (2005 йил) 2,8 фоизгача (2024 йил) пасайиб, беш баравардан кўпроққа камайган. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида келтирилган.
Унга кўра, очликни камайтиришдаги энг юқори суръатлар 2019 йилгача кузатилган, бироқ бу прогресс COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаган. 2020-2021 йилларда очликдан азият чекаётганлар сони 2,5 миллион кишига етган.
Шунга қарамай, озиқ-овқат хавфсизлиги сиёсати ва иқтисодий тикланиш туфайли минтақа яна ижобий динамикага қайта олган. Глобал контекстга нисбатан Марказий Осиё барқарорроқ натижаларни кўрсатмоқда. Дунё миқёсида эса тўйиб овқатланмаслик даражаси 2005 йилдаги 12 фоиздан 2023 йилга келиб 8,2 фоизгача тушган.
Марказий Осиёда соғлом овқатланиш учун кунлик ўртача харажат (харид қобилияти паритети асосида) 2024 йилда бир киши учун 3,78 долларни ташкил этган. Сўнгги олти йилдаги таҳлил бу қийматнинг аста-секин ошганини кўрсатади: 2019 йилда 3,10 доллар бўлган харажат 2023 йилда 3,81 долларга чиққан. Аммо 2024 йилда илк бор пасайиш қайд этилган – 3,78 доллар.
Шунга қарамай, соғлом овқатланиш ҳанузгача минтақа аҳолисининг 14 фоизи учун (тахминан 11,5 миллион киши) имконсизлигича қолмоқда. Аммо бу кўрсаткич ҳам камаймоқда: 2020 йилда бу сон 14,5 миллион бўлган.
Охирги 12 йил ичида минтақада болалар орасидаги доимий тўйиб овқатланмаслик шакллари ҳам сезиларли даражада камайган. 5 ёшгача бўлган болалар орасида ўсишдан қолиш ҳолатлари 2012 йилдаги 14,8 фоиздан 2024 йилда 7,4 фоизгача камайган. Тананинг озиб кетиши (ўткир овқатланиш етишмовчилиги) эса 3,8 фоиздан 2,1 фоизгача тушган.
Ҳисоботга кўра, айрим ташвишли ҳолатлар сақланиб қолмоқда. Масалан, репродуктив ёшдаги аёллар орасида камқонлик даражаси деярли ўзгармаган: 2012 йилда 32,3 фоиз бўлган бу кўрсаткич 2023 йилда ҳам 32 фоизни ташкил қилган. Бу ҳолат айниқса ҳомиладор аёллар орасида темир ва микроэлементлар етишмаслиги муаммоси сақланаётганидан далолат беради.
Тасодифий хабарлар
Наманганда из газидан бир оила заҳарланди, она ва икки фарзанди вафот этган
“Наманган шаҳрида ППХ ходимининг автомашинаси ва Жигули иштирокида ЙТҲ” изоҳи билан тарқалган хабар юзасидан ИИБнинг расмий муносабати.
(+72) Уч ҳудуд ва Наманган вилояти аҳоли орасидан коронавирус инфекцияси аниқланди
Наманган вилоят Транспорт бошқармаси огоҳлантиради
Ана холос! Янги бош вазир шов-шувли жиноятга алоқадор?!