Олий Мажлис Сенати кун тартибида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилиши ҳақида маълумотлар эълон қилинди.
Жамоатчилик томонидан Конституцияга айнан қандай ўзгартиришлар киритилаётганлиги ва унинг асослари нималардан иборатлиги ҳақида саволлар пайдо бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу ўзгаришлар аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ 6034-сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан бўлиб, унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.
Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда:
“Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат”.
Бу ўзгаришлардан мақсад фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилашга эришишдан иборат.
Шунингдек, миллий қонунчилигимизда рус тилидаги “законодательство”, ва “акты законодательства” тушунчалари ўзбек тилида “қонун ҳужжатлари” деб, рус тилидаги “закон” ва “законодательный акт” тушунчалари ўзбек тилида бир хил “қонун” деб ишлатилган.
Миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги “қонунчилик” тушунчаси қонунларда ишлатилмаган.
Шу боис, “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш билан бир вақтда Конституцияда ҳам ушбу сўзларни тўғри қўллаш мақсадида “законодательство - қонунчилик”, “акт законодательства – қонунчилик ҳужжати”, “законодательный акт – қонун ҳужжати” кўринишида бериш таклиф этилмоқда.
Шу муносабат билан, давлат тилидаги Конституциянинг 7-моддаси иккинчи қисмига, 33-моддага, 85-модда тўртинчи қисми 8-бандига, 86-модда бешинчи қисми 8-бандига, 93-модда биринчи қисми 16-бандига, 98-модда учинчи қисмига, 100-модда саккизинчи хатбошисига, 117-модда саккизинчи қисмига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Тасодифий хабарлар
40 фоиздан ортиқ сайловчи овоз берди – сайловни ўтган деб ҳисоблаш мумкин
Трамп Эрон ядро дастури тезлашишда айбдор — Оқ уй
Бозорларда картошка ва сабзи нархи ошди
Расман! Шавкат Абдураззоқов Наманган вилоятига ҳоким этиб тайинланди
Ўзбекистонда январь ойида қанча туғилиш қайд этилди?