Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасаймоқда

Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасаймоқда

Жорий йилнинг июнь ойи якунига кўра, Тошкент шаҳрида 1 сотих ер майдони нархи 334 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 2,5 фоизга паст. Шунингдек, уй-жой нархларида ҳам пасайиш кузатилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг кўчмас мулк бозори бўйича таҳлилий ҳисоботида келтирилган.

Қайд этилишича, Тошкентда иккиламчи уй-жой бозорида 1 метр квадрат учун ўртача нарх апрелда қайд этилган 15,4 млн сўмдан июнь якунида 14,9 млн сўмга тушган. Шунингдек, пойтахтда ер нархлари ҳам пасаяётганини кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1 сотих ернинг ўртача нархи 334 млн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 342 млн сўмлик кўрсаткичдан 2,5 фоизга паст.

Кўчмас мулк бозорида фаоллик умумий даражада сақланиб қолган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича жами 177,5 мингта битим тузилган. Бу ўтган йилга нисбатан 10,7 фоиз кўп. Тузилган битимлардан 148,4 мингтаси тўғридан тўғри уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга ўсган.

Шунингдек, II чоракда ипотека кредити ажратиш суръати тезлашиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ўсган. Бирламчи бозордаги уй-жойлар учун ажратилган ипотекалар улуши жами ипотекаларнинг 74 фоизини ташкил этган. Бу 2024 йилнинг мос даврида 57 фоиз бўлган.

Бирламчи бозордаги нархлар республика миқёсида йиллик ҳисобда ўртача 2,6 фоизга, иккиламчи бозорда эса 2,5 фоизга ошган. Бироқ Тошкент шаҳри ва айрим йирик ҳудудларда бу ўсиш жуда паст ёки салбий кўринишда. Ижара сегментида Тошкентда нархлар йиллик ҳисобда 6,1 фоизга тушган.

Мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари таклифи барқарор бўлиб қолмоқда. Бироқ сўнгги ойларда тураржой биноларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш материаллари нархларининг ўсиши бироз тезлашган. Йиллик ҳисобда июнь ойида ушбу материаллар нархи 5 фоизга ошган.

Ҳисоботда қайд этилишича, умуман олганда, жорий йилнинг II чорагида кўчмас мулк бозорида битимлар сони ва ипотека кредитлари ҳажмининг ўсиши натижасида юқори фаоллик сақланиб қолган. Таклиф ҳажмининг ошиши ва харид қилиш имкониятларининг кенгайиши талабни қўллаб-қувватлаб, бозор ва нархлар динамикасининг мувозанатли ривожланишини таъминламоқда.



Теглар:
×