Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 июль куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароитлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент пойтахтнинг Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини боғлаб турувчи Бунёдкор кўчасида бўлди. Ушбу марказий кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, унинг 1,5 километр қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга бу ердаги шароитларни кўздан кечирди.
“Йўл бўйи обод қилинган. Ажойиб ландшафт дизайни, фавворалар, турфа чироқлар ҳудудга янада кўрк бағишлаган. Одамлар сайр қилиши, овқатланиши, мазмунли дам олиши учун барча қулайликлар яратилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, шу мақсадда бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти туну кун ишлаш тартибига ўтказилган. Шундан 45 та корхона янги ташкил этилган. 500 киши иш билан таъминланган.
Маълум қилинишича, кўчага ёндош ҳудуддаги Камолон, Янги Камолон ва Камолон дарвоза маҳаллаларида 18 мингга яқин аҳоли яшайди. Бу ўзгаришлар, аввало, шу инсонлар турмушида сезилади. Қолаверса, ҳозир бу жойга йилига 255 минг меҳмон ташриф буюрмоқда. Энди уларнинг сонини йилига 1 миллионга етказиш учун шароит бор.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасида 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлаган. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошган. Ҳудудларда саёҳат ва сервис инфратузилмаси яхши ривожланаяпти. Туризм қишлоқлари, меҳмон уйлари, гастрономик кўчалар қўллаб-қувватланаяти.
Пойтахтнинг Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида шундай гавжум кўчалар ташкил этилган. Бунёдкор кўчаси мазкур туризм ҳалқасининг бир қисми бўлади. Умуман, Тошкент шаҳрида 26 та кўчани туну-кун ишлайдиган гавжум кўчага айлантириш, 24 соат ишлайдиган савдо нуқталарини мингтага кўпайтириш режалаштирилган.
Шу ерда замонавий бекатлар ҳамда автотураргоҳлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тасодифий хабарлар
Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни табриклади
Коронавирусга чалинган аёл боласини эмизиши мумкинми?
Дунёдаги энг қиммат брендлар номи маълум қилинди
Ўзбекистонликларнинг қанчаси 2 млндан кўп ва кам ойлик олади?
“Мактабда волейбол ва баскетбол майдончаларини қуришни режалаштирган, аммо экин экиб боғ қилишмоқда”