Қуёшда катта портлаш содир бўлди

Қуёшда катта портлаш содир бўлди

Бугун, 31 майга ўтар кечаси Қуёшда 2025 йилнинг энг йирик портлаши ( CME – Coronal Mass Ejection) рўй берди. Ушбу ҳодиса бевосита Ер томонга йўналтирилгани сабабли алоҳида эътибор қозонди. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институтидаги Қуёш астрономияси лабораторияси хабар берди.

Маълумотларга кўра, бу ҳодиса М8.2 даражасидаги кучли Қуёш алангаси оқибатида юзага келган. У Тошкент вақти билан соат 05:05 да қайд этилган.

“Ушбу портлаш Қуёшнинг кўринадиган дискининг марказида содир бўлди. Унинг жойлашуви “Қуёш-Ер” чизиғи билан деярли бир текисда бўлгани сабабли, Қуёшдан отилган зарралар Ерни четлаб ўтиши ҳатто назарий жиҳатдан ҳам имконсиз”, дейилади лаборатория баёнотида.

Қуёш алангаларининг қуввати уларнинг рентген нурланишига қараб А, B, C, M ва Х синфларига бўлинади. А0.0 энг заиф, Х эса энг кучли синф ҳисобланади. Айнан Х синфидаги алангалар Ерда кучли магнит бўронларига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳодисалар Ер орбитасидаги сунъий йўлдошларнинг ишлашига таъсир қилади, шунингдек, қутблар атрофида шимолий ёғду кучайишига олиб келади.

Мутахассислар ушбу портлаш 2024 йил майидаги энг кучли Қуёш фаоллигидан куч жиҳатидан ортда қолганини билдирган. Шунга қарамай, лаборатория бу ҳолат G4 даражагача етадиган магнит бўронларига сабаб бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Бу даража – беш балли максимал G5 синфига бир поғона қолгани билан ажралиб туради. Айни вақтда G5 даражасидаги бўрон эҳтимоли 2 фоиздан ошмайди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 майга ўтар кечаси Ерда G даражали магнит бўрони бошланган. “Фобос” об-ҳаво маркази етакчи мутахассиси Михаил Леуснинг сўзларига кўра, бунинг сабаби Ер яқинида Қуёш шамоли тезлигининг кескин ошганидир.


Теглар:
×