Хитойнинг Synyi AI компанияси Саудия Арабистонининг шарқий Ал-Аҳса минтақасида Almoosa Health Group билан ҳамкорликда беморларга сунъий интеллект ёрдамида ташхис қўядиган дунёдаги биринчи клиникани очди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, клиника жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган. Инновацион клиникада беморларни “Dr. Hua” деб номланган сунъий интеллект асосида ишловчи шифокор қабул қилади. Беморлар планшет орқали “Dr. Hua”га касаллик аломатларини таърифлайди. Шундан сўнг сунъий интеллект қўшимча саволлар беради. Шунингдек, юрак ритми ва рентген каби маълумотлар ва тасвирларни таҳлил қилади. Консультация тугагач, “Dr. Hua” даволаш режасини тақдим этади. У тайёрлаган даволаш режалари инсон шифокор томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Сунъий интеллект бажара олмайдиган шошилинч ҳолатлар учун эса инсон шифокорлар доим тайёр туради.
Synyi AI маълумотларига кўра, ушбу технология синов босқичида 0,3 фоиздан кам хатолик даражасини кўрсатган.
“Сунъий интеллект илгари шифокорларга ёрдамчи бўлиб хизмат қилган бўлса, энди биз сўнгги босқичга ўтяпмиз. AI беморларни бевосита ташхислайди ва даволайди”, деган Synyi AI бош директори Чжан Шаодянь.
Ҳозирча ўнлаб беморлар ушбу хизматдан бепул фойдаланган ва инсон шифокор ҳам жараёнда иштирок этган. Чунки лойиҳа ҳали тажриба босқичида. Ушбу пилот дастур орқали сунъий интеллект томонидан йиғилган ташхис маълумотлари кейинчалик Саудия расмийларига топширилади. Шундан сўнг 18 ой ичида тасдиқланса, ушбу хизмат тижоратлашади.
Ҳозирча “Dr. Hua” фақат нафас олиш йўллари билан боғлиқ муаммолар – астма, фарингит каби 30 га яқин касалликларни қамраб олади. Компания келгуси йилда бу рўйхатни кенгайтириб, нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш ва тери касалликларини қамраб олувчи 50 та касалликни сунъий интеллект орқали ташхислашни режалаштирган. Шунингдек, Synyi AI Саудия Арабистонидаги бошқа шифохоналар билан ҳамкорликда яқин ойларда шунга ўхшаш бошқа клиникалар очишни мўлжалламоқда.
Тасодифий хабарлар
Тонировкадан тушган пуллар қаерга кетади?
Илон Маск 2021 йилда тарихдаги барча америкаликлардан кўпроқ солиқ тўлашини маълум қилди
Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш
Пригожин тергов қилинмоқда
Fotogalereya: Pekinda dunyoning eng ulkan — Dasin aeroporti faoliyatini boshladi