Президент Наманганда мактаб ўқувчилари иштирокида ЙТҲлар сони кўпайганини танқид қилди

Президент Наманганда мактаб ўқувчилари иштирокида ЙТҲлар сони кўпайганини танқид қилди

Бгун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида вилоятларда, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида ҳар ойда 10-15 нафар ёшлар мажруҳ бўлиб қолаётгани, ўим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўп экани қайд этилди

Ички ишлар бошлиқлари, вилоят, туман прокурорлари қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Шунингдек, ҳозирда 7-11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтини телефонда ижтимоий тармоқларда ўтказаётгани мактаб директори ва муаллимни ҳам, ота-оналарни ҳам ўйлантириши зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида мактаб ўқувчилари бошқарувидаги Nexia-3 юк машинаси билан тўқнашиб кетганди. Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, 11-синф ўқувчиси автомобилни 9-синф ўқувчиларига 2 соатга, 220 минг сўм эвазига ижарага берган.

15 апрель куни эса Наманган вилоятининг Янги Наманган туманидаги 70- сонли мактабнинг 2 нафар 8-синф ўқувчиси Теlegramʼдаги автомашиналарни ижарага бериш билан шуғулланувчи гуруҳдан Spark автомашинасини 1 миллион сўм эвазига 8 соатга ижарага олган.

Улар машинани катта тезликда бошқариб кетаётганида йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. ЙТҲ оқибатида болалар турли тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Бу ҳодисалар ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов мамлакатда автомототранспорт воситаларини қисқа муддатга ижарага бериш фаолиятини ноқонуний амалга ошириш ҳолатлари ва бунинг оқибатида келиб чиқаётган оғир вазиятлар юзасидан жиддий ташвиш билдириб, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Рустамович Маҳкамов ҳамда Ички ишлар вазири Азиз Анварович Тошпўлатовга депутат сўрови билан мурожаат қилди.


×