АҚШда ёлғон баёнот берган ўзбекистонлик қамалди

АҚШда ёлғон баёнот берган ўзбекистонлик қамалди

Кеча, 10 июль куни АҚШда 37 ёшли ўзбекистонликка федерал ҳуқуқ-тартибот идораларига ёлғон баёнот бергани учун бир ойлик қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Коннектикут штатининг Нью-Хейвен шаҳридаги туман прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароси С.М 2009 йилнинг февраль ойида АҚШга кўчиб кетган, Коннектикут штатининг Нью-Британия шаҳрида яшаган ва 2010 йилнинг сентябрида резидент сифатида қонуний рўйхатдан ўтган. У 2013 йилнинг 27 майида АҚШдан Истанбулга жўнаб кетган. Сафар давомида у акаси Суриядаги фуқаролар урушида ҳалок бўлганидан хабар топган.

Аммо Федерал тергов бюроси махсус агентлари билан Туркияга қилган сафари ва акаси ҳақида сўров бўлиб ўтаганда, у агентларга бир неча бор ёлғон гапирган. Жумладан, акаси тириклиги ҳамда Туркия ёки Дубайда яшаётганини, Туркияга қилган сафари чоғида акаси билан учрашгани, ҳатто акаси унга жўнатма юборганини айтган. Шунингдек, у акасининг қаердалигини билмаслигини, АҚШдаги ўзбекистонликларнинг Сурияга жанг қилиш учун кетаётгани ҳақидаги гап-сўзлардан бехабарлигини маълум қилган. 

“Аслида эса унинг акаси АҚШдан Сурияга бориб, фуқаролар уруши пайтида ҳалок бўлганини билар эди”, дейилади хабарда.

2013 йил июль ойи бошида унинг телефонидан акасининг Суриядаги бир қанча видео ва фотосуратлари, жумладан ҳарбий кийимда қурол тозалаётгани ва акасининг ўлимидан кейинги тасвирлар топилган.

“Ҳакамлар ҳайъати ўзбекистонликни ҳуқуқ-тартибот идораларига ёлғон баёнот берганликда айбдор деб топиб, бир ойлик қамоқ жазоси ва бир йил муддатга назорат остида сақлашга ҳукм қилинди”, дейилади хабарда.


Теглар:
×