Путин келиши учун ҳамма нарса тайёр – Пхеньян

Путин келиши учун ҳамма нарса тайёр – Пхеньян

Россия Президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи олдидан Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳри кўчаларида Россия байроқлари пайдо бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Нашрнинг маълум қилишича, пойтахт йўлларида КХДР байроқлари ҳам кўринади. Баннерлар аэропортдан шаҳар марказигача бўлган йирик йўллар бўйлаб бинолар ва чироқ устунларига осиб қўйилган. Бир қанча осмонўпар биноларнинг фасадлари ҳам давлат байроқлари билан безатилган.

Аэропортда россиялик меҳмонлар рус ва корейс тилларида ёзилган “Яшасин бузилмас рус-корея дўстлиги ва бирлиги”, “Яшасин икки давлат – Корея ва Россия халқлари ўртасидаги бузилмас бирдамлик” деган баннерлар билан кутиб олинмоқда.

24 йил ичида илк бор Шимолий Кореяга сафар қиладиган Путин унинг Украинага бостириб киришини қатъий қўллаб-қувватлаган Ким Чен Инни юксак қадрлашини айтди. Унинг сўзларига кўра, иккала давлат ҳам Ғарбнинг ўзаро ҳурмат қилишга асосланган кўп қутбли дунё тартибини ўрнатишга тўсқинлик қилиш борасидаги ишларига қатъий қаршилик кўрсатишда давом этади.

Путинга кўра, Россия ва Шимолий Корея Ғарб давлатлари томонидан назорат қилинмайдиган савдо ва тўлов тизимларини ишлаб чиқишади ва ўзларига қўлланаётган санкцияларга биргаликда қарши чиқишади.

Маълумот учун, Шимолий Корея ядро қуроли ва ракета дастурлари туфайли БМТ Хавфсизлик Кенгашининг оғир иқтисодий санкциялари остида қолмоқда. Россия эса АҚШ ва унинг ғарбий ҳамкорлари томонидан Украинада олиб бораётган ҳарбий тадбирлари сабабли санкциялар билан курашмоқда.


Теглар:
×