Ўзбекистонда фарзанд туғилганда унинг номига тамғаланган дарахт кўчатлари экилади

Ўзбекистонда фарзанд туғилганда унинг номига тамғаланган дарахт кўчатлари экилади

Ўзбекистонда фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатларини экиб, “Янги авлод боғлари”ни барпо қилиш режалаштирилмоқда. Бу кўзда тутилган ҳукумат қарори лойиҳаси 19 мартгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 июлгача фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизмати ва электрон платформа тўлақонли йўлга қўйилади.

Кадастр агентлиги туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳудудларда “яшил боғлар”, “яшил жамоат парклари” ва “Янги авлод боғлари” барпо қилиш мумкин бўлган туман (шаҳар) ҳокимликлари балансидаги бўш турган ерлар рўйхати, майдони ва манзили ҳақида маълумотларни тўплайди, ГИС электрон харитасини тайёрлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиш тизими яратилади.

Ҳар йили 1 декабрга қадар ҳар бир туман (шаҳар)ларда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан, жамоатчилик фикри асосида шаклланган “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида аҳоли ташаббуси билан “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо қилиш учун ҳамда бола туғилганида гувоҳнома олишда унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатларини экиш орқали “Янги авлод боғлари”ни барпо қилишга ер майдонлари ажратилади.

Фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатларини экиб “Янги авлод боғлари”ни барпо қилиш мақсадида туғилган боланинг ота-онаси ёки васийси томонидан ихтиёрий равишда “Яшил тўлов” электрон платформаси орқали ёки бошқа турдаги онлайн электрон платформаси орқали тўловни амалга оширган ҳолда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали буюртма берилади.

Тўловлар миқдори буюртма берувчилар томонидан ихтиёрий равишда белгиланади.

Буюртма берувчилар “Яшил тўлов” ёки бошқа турдаги онлайн электрон платформаси орқали тўланган маблағлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида ташкил этилган “Яшил хайрия жамғармаси” ҳисоб рақамига жамғарилади.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, юқоридагиларни йўлга қўйиш орқали “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирларини миллий анъана ва қадрият даражасига кўтаришга эришилади. Хонадонда фарзанд туғилганда унинг номига тамғаланган дарахт кўчатлари экилиб, ҳар бир туман (шаҳар)ларда “Янги авлод боғлари” барпо қилиш механизми яратилади. Шунингдек, Республика яшиллик даражаси оширилиб, қулай экологик муҳит яратилади.

×