Пилотсиз парвоз қурилмалари Украина урушининг асосий қуролига айланган, бу эса қуролли тўқнашувларнинг кўриниши батамом ўзгарганини билдиради. Агар урушнинг биринчи йилида Украина дрон ясашда илгарилаб кетган бўлса, энди Россия ўз дрон ва радиоэлектрон кураш воситалари, РҚМ/ҲҲМ тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ғарб эса нозик технологияларини Украина билан бўлишишга шошилмаяпти.
Германиянинг Бремен университети қошидаги Шарқий Европани ўрганиш маркази илмий ходими Николай Митрохин Украина фронтида сўнгги ҳафта ичида содир бўлган воқеаларни таҳлил қилди.
Фронт силжимаяпти
Фронт чизиғи икки ойдан буён қимирламай турибди. Украина томонининг (Кринкида) ва Россия томонининг (Авдийивка шимоли ва жанубида) кунига 220-300 метр илгарилаш каби кичик муваффақиятлари бир неча кун ичида рақиб томонидан йўққа чиқарилмоқда. РФ ҚКнинг ягона яққол муваффақияти Айдийивка саноат зонасида ўнлаб биноларни эгаллаб, шаҳарнинг жанубий чегарасига кириб боргани бўлди.
Бундай барқарорлик сабаби, аввал таъкидлаб ўтилганидек пат вазияти, душманнинг позицияси дронлар ёрдамида яхшилаб ўрганилгани, ҳар қандай кескин фаоллик артиллерия ўқлари билан йўқ қилинаётганида. Масалан, Россия ҳисоботларига кўра, УҚК Вербове яқинида РФ ҚК позицияларига яқинлашишга уриниб, танк ва зирҳли машиналаридан айрилган. Боз устига, ҳарбий ҳаракатлар майдонига ёғган кучли ёмғир ҳар қандай техниканинг лойда ботишига олиб келмоқда.
Ҳорливка янги қарама-қаршилик участкаси бўлиши мумкин эди. Бу ерда 20-21 ноябр кунлари УҚК зирҳли техника ёрдамисиз пиёда бўлинмалари билан Россия позицияларига ҳужум қилиб кирган, бироқ жанг украинлар учун омадсиз якунланган ва жангчилар аввалги позицияларига қайтишган.
Фронтнинг бошқа ҳудудларидан энг хавотирли сигналлар Суми областидан келмоқда. У ерда чегара олдидаги қалин ўрмонларда ҳар икки томондан диверсия разведка гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар фаоллашган. УҚК Россиянинг чегара устидан автоматик назорат қилувчи тизимларини йўқ қилишга уринмоқда, РФ ҚК ўрмондаги УҚКнинг таянч пунктларига зарба бермоқда, бу ерда ҳаракат қилаётган украиналик ҳарбийларнинг кичик бўлинмаларини йўқ қилувчи диверсантларни жўнатмоқда. Украинанинг айрим норасмий манбаларида тан олинишича, УҚК ҳар куни бу йўналишда жангчиларидан айрилмоқда.
Лекин урушнинг асосий воқеалари ҳозир ерда эмас, денгизда эмас, осмонда, қуролланиш пойгасида ва дипломатик майдонда рўй бермоқда.
Россия яна Украина энергия объектларини бомбаламоқда
25 ноябр куни тунда Россиянинг Shahed типидаги дронларининг Украинага оммавий ёпирилиши сўнгги икки ҳафтанинг энг овози баланд ва ёрқин ҳаво уруши бўлди. Гарчи 75 та дрондан 71 таси (плюс битта ракета) уриб туширилгани иддао қилинаётганига қарамасдан, урушдаги энг йирик, қарийб олти соат давом этган зарбдор дронлар ҳужуми Киевда битта йирик электр таъминоти линияси ўчиши, Киев областида бир нечта линия ишдан чиқишига олиб келди. Баҳордан буён илк бор украиналик энергетиклар истеъмолни чеклаш ҳақида сўз очишди.
Электр энергияси ҳаммага ҳам етмаслиги мумкинлиги тўғрисидаги баёнотлар дронлар ёпирилишидан аввалроқ янграганди. Украина энергия тизими қаҳратон қишда юкламага дош бера олмаяпти, уларга зудлик билан хорижлик ҳамкорлар ёрдами керак. Лекин бу ёрдам ҳам муаммони тубдан ҳал қила олмайди.
Шу сабабли кучли шамол ва об-ҳаво ҳарорати пасайишидан аввал Россиянинг ёпирилма зарбаси муваффақиятли чиққанида катта зиён етказиши мумкин эди. Бундан ташқари, зарба Голодомор (очарчилик) қурбонлари хотираси кунида, Киевга Швейцария ва Латвия президентлари ташриф буюрган кунда берилди.
Skyranger ҲҲМ тизими. Фото: Wolpat / Wikipedia
Бу ёпирилиш фақат ўз кўлами билан эътиборли эмас. Россия дронлари қора тусдаги янги кўринишда парвоз қилди, бу эса уларни биринчидан, қоронғи осмонда кўзга ташланмайдиган қилган бўлса, иккинчидан радарлардан ҳам яшира олган. Украина томони ҳам янгиликни ишга солди — немисларнинг Skynex ёки Skyranger ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Киевга ўрнатилди. Унинг жангда қўлланиши ҳақида The Sun нашри Reuters билан биргаликда видеорепортаж тайёрлади.
Ҳозирча ЕИнинг бирорта давлатида ҳам йўқ бўлган комплекс тунда Shahed дронларининг эҳтимолли учиб ўтиш зонасида вақтга қараб ўзига хос «салют» кўринишида ёрилувчи снарядлар учирган. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҲҲМ артиллерияси худди шу принципда ишлаган.
Украина областлари узра дронлар учиб ўтган жойларда йўлтанламас машиналарга ўрнатилган прожектор ва қўш пулемётлар ҳам жуда катта рол ўйнаган. Улар дронларнинг 40 фоизини уриб туширган.
Россия дронлар, радиоэлектрон кураш ва ҲҲМ тизимларини такомиллаштирди
Россиянинг янги вариантдаги дронлари ва ғарбнинг энг янги ҲҲМ тизимлари тўқнашуви ва бунинг акси — ғарб дронларининг Россиянинг шиддат билан модернизация қилинаётган РҚМ/ҲҲМ тизимлари билан тўқнашуви — урушнинг сўнгги ойларидаги ўта муҳим жараён. У техник ривожланган давлатлар ва коалициялар ўртасидаги кенг кўламли урушда қуролланишнинг ривожланиши борасида қандай юксалиш юзага келиши мумкинлиги яққол кўрсатади. Сўнгги ҳафта ичида айниқса Украина томонидан бу борада кўплаб тафсилотлар пайдо бўлди, улар ташвиш билан Россия томонининг жанговар каллакларни элтиш воситалари ҳам, радиоэлектрон кураш воситалари ҳам кескин кучайганини эътироф этишган.
Масалан, Россиянинг FPV-дронлари тунда учишни «ўрганиб» олишган, бу эса Украина ҚК учун қўшинлар ва таъминотни фронт олд чизиғига одатий тарзда тунда етказишини хавф остига қўяди. Қайта ишланган Россия «Ланцет»лари УҚК техникаларини зарбадан асровчи темир тўрлар олдида портлаш, шунингдек, нишонни автоматик мўлжалда ушлаб туриш қобилиятига эга бўлди. УҚКда ҳозирча фақат дрон учирилган жойга қараб, уларни бошқараётган пилотлар жойлашган штабни топиб йўқ қилишдан бошқа «Ланцет»дан қутқарувчи восита йўқ.
Россия қўшинлари микро даражадаги радиоэлектрон кураш тизимларини олишган, бу эса муайян окоп ёки позиция устида қобиқ ҳосил қилади. УҚК дронлари учун улар тепадан кенг ялтироқ доғга ўхшаб кўринади. Уларни енгиб ўтиш учун украин дронлари мўлжални ушлаб турувчи бошчага эга бўлиши керак, лекин бу матоҳ уларнинг нархини кескин ошириб юборади. Бундай бошчасиз эса Украинада кенг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган FPV-дронлар душман позицияси яқинида ҳаммаси тутдек тўкиладиган аппаратларга айланади. Боз устига, Россия РЭК ишлаб чиқарувчилари Украина дронларининг кўп марта фойдаланиладиган оптик алоқа каналини тутиб олишни ўрганиб олишган ва руслар дрон учирилган жойга қайтиб боргач, операторлар жойлашган нуқтани аниқлаб, зарба беришмоқда.
Россиядаги кўргазмада дронлар тақдимоти. Фото: Maksim Konstantinov / Global Look Press
Ҳам Украина, ҳам Россия манбаларига кўра, Россия ҳарбий саноат комплекси кўп марта ишлатиладиган, бир марталик дронларни ташувчи ва бошқарув марказидан юборилган буйруқлар тарқатувчи янги дронларни ишлаб чиққан. Бундай дрон душман ортига кичик дронларни ташиб ўтказади ва ҳавода 4 соат парвоз қилади олади (ҳолбуки, ҳозирги квадрокоптер дронлар 20-30 дақиқа уча олади).
Россиянинг яна бир новацияси кичик зарбдор «Термит» вертолётлари бўлиб, унинг йигирмага яқин нусхаси «Руднево» индустриал паркида «Кронштадт» фирмалар конгломерати томонидан яратилган. Улар 80 мм калибрга эга лазер билан нишон олувчи учта С-8Л ракеталари ташувчиси бўлиб, 6 км масофадаги якка ёки гуруҳ нишонларни йўқ қила олади. Агар лойиҳа амалга ошса, у сўнгги ойлар ичида Украина томонидан анча ҳолдан тойдирилган Россия зарбдор вертолёт бўлинмаларини алмаштириши мумкин.
Бошқа инновациялардан Россиянинг тўқнашув чизиғида РБК-500 кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётганини қайд этиш мумкин. Гарчи катта майдонни нишонга ололса ҳам, ҳозирча унинг самарадорлиги даражаси номаълум бўлиб турибди.
УҚК Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринди
Украина томонидан технологик ютуқлар камроқ кўзга ташланмоқда. Гарчи УҚК денгизда пилотсиз катерлар кўринишидаги уникал қурол-яроғга, парвоз қилаётган дронлар сони ошиб бораётгани, дала бўлинмалари учун дронларга қарши қурол-яроғларга эга бўлса ҳам, технологик урушни улар ҳозирча ютқазаётганга ўхшайди.
Душман ортида зарба бериши мумкин бўлган зарбдор дронлар оммавий ишлаб чиқарилишига эришилмади, мутахассисларнинг маъқулловига эга бўлган истиқболли «Бобёр»лар ва узоқ масофага уча олувчи бошқа моделлар ҳафтасига 20 тадан кўп ишлаб чиқарилмаяпти. Украина учун Хитойдан «Мигун» типидаги узоқ масофага уча оладиган дронлар етказилиши тўхтаб қолгани ҳам жиддий муаммо бўлди. Бу дронлардан Қримга катта гуруҳлар таркибига ҳужум қилишда, Россия ҲҲМ кучлари жойлаштирилган ўринларни аниқлашда фойдаланилаётган эди.
22 ноябр куни Қримга комплекс ҳужум чоғида Украина ҚК бор-йўғи тўртта дрондан фойдаланди ва улар осонгина уриб туширилди. Шундан сўнг денгиз пилотсиз дронлари билан ҳужум қилиш ҳам ўхшамади, бундай дронлар гуруҳи йўқ қилинди, денгиз дронларидан бири ҳаттоки бус-бутун тутиб олинди. Россия томони хабарларига кўра, денгизда гидроцикл минган Уркина БРБ десанти ҳам тўхтатилган. 24 ноябр куни УҚК Қримга ҳужум қилиш учун 13 та дрондан иборат гуруҳни ишга солган (илгари дронлар сони 42 тагача етарди). Уларнинг деярли барчаси уриб туширилган, фақат Жанкойда дрон мўлжалга урилган ва ёнғин келтириб чиқарган.
Украина дронларининг баҳор ва куз учун хос бўлган Россия ички областларига мунтазам ҳужуми онда-сонда кўринишга келиб қолди. Сўнгги икки ҳафта ичида зарбалар Москва областидаги Литкарно подстанцияга, Чернозем ҳудудига, Волгоград областининг Городишченск районидаги ҳарбий қисмига берилган. Сўнгги ҳолатда учта пилотсиз учар қурилма РЭК воситалари билан бостирилган, лекин улардан бири ҳарбий қисм ҳудудида портлаган, украиналикларга кўра, бу қурол-яроғ омборида ёнғин ҳамда артиллерия ва ўқотар қуроллар ўқ-дорилари портлашига олиб келган.
Бир неча дрон Москва областида нишонга етиб бормасдан тутиб олинган. 26 ноябр куни Киевга уюштирилган ҳужумга жавобан Россиянинг марказий ҳудудлари, энг аввало Москва шаҳри яқинига «ёпирилма» зарба берилган. Украина томони маълумотларига кўра, бунинг учун жами 35 та дрондан фойдаланилган (Россия томони 75 дрон ишлатгани ҳар икки томоннинг ишлаб чиқариш қувватларидан далолат беради).
Афтидан, айрим дронлар Ҳаво-десант қўшинларининг махсус кучларининг тўпланган жойи (Кубинка) ва Одиново районидаги Путиннинг қароргоҳи, Тула шаҳрида ё мудофаа заводлари ё ҲДВ дивизияси, қолганлари Раменское, Подолск шаҳарлари, Калуга, Брянск ва Смоленск областларидаги нишонларга йўналтирилган. Россия томони ҳам, Украина томони ҳам дронлардан бирортаси мўлжалга аниқ етиб боргани ва зиён етказгани ҳақида маълумот бермаган. Фақат дронлардан бири Тула шаҳрида тураржой биносига урилиб, тинч аҳоли вакилларидан бирига жароҳат етказган.
Ғарб ўз технологияларини Украина билан бўлишишга шошмаяпти
Украинада дронлар ва РЭК воситалари ишлаб чиқаришда ортда қолиш сабаблари нима, ҳолбуки уруш бошида бу борада улар руслардан анча ўзиб кетган эди? Бу ерда коррупциянинг роли ҳам бўлиши мумкин, чунки ҳафта ичида Давлат махсус алоқа қўмитаси раиси Юрий Шчигол ўзига бўйсунадиган компаниялар орқали дастурий таъминот харидидан 62 млн гривна ўғирлагани маълум бўлди. Бу идора юқори ва махфий технологиялар учун тўғридан тўғри жавобгар бўлган ташкилотлардан бири.
23 ноябр куни Шчиголнинг фош этилиши билан боғлиқ янгиликлар фонида Мудофаа вазирлиги Украина армиясига янги қурол-яроғлар етказиб бериш муддати бир неча ойдан йигирма кунгача қисқаргани ва янги қуроллар бевосита жанг майдонида синалишини хабар қилди. Шчигол ўрнига шахсий таркибга ишга ўтган Украина рақамли ўзгаришлар вазири Михайло Фёдоров 24 ноябр куни маълум қилишича, «Украинада «роботлар армияси» ва «РЭК армияси» ташкил этилади. «Биз ўз мафкурамизга — очиқ бозор, шаффофлик ва ҳамда аллақачон турли маҳсулотлар яратиб, маҳсулотларни кўпайтира оладиган тадбиркорларга таянамиз», деди у.
Украинада нишонга олиш ва дронлар тизимида технологик жиҳатдан ортда қолиш билан боғлиқ вазият шу қадар ўткирлашганки, The Economist нашри бунга алоҳида мақола бағишлади.
«Март ойида Украина ўзининг GPS’га қараб нишонга олувчи Excalibur снарядлари кутилмаганда Россиянинг халақит берувчи тизимлари таъсири остида мўлжалдан оға бошлаганини сезиб қолган. Бошқарилувчи JDAM-ER авиабомбалари билан ҳам шундай бўлган. Украинанинг HIMARS’дан учириладиган узоқ масофадаги нишонни мўлжалга олувчи GMLRS ракеталари ҳам мўлжалда адаша бошлаган. Айрим ҳудудларда GMLRS ракеталарининг аксарияти уриб туширилмоқда.
Украина барча жабҳада — жанг майдонидаги разведка ва алоқадан тортиб, танклар ва қўмондонлик марказларига зарба беришда фойдаланадиган арзон дронларга қарши Россия РЭК тизимлари тобора яхшироқ кураша олаётгани ҳам хавотир уйғота бошлаган», — дейилади мақола матнида.
Украина 10 минг дрон операторларидан иборат армия тузган, улар энди Россия РЭК операторлари билан доимий тарзда сичқон-мушук ўйнашмоқда. Дронлар арзон, кўпи 1000 доллар атрофида, Украина уларни улкан миқдорда ишлаб чиқармоқда. Бироқ душман РЭК тизимлари ҳаракати сабабли мўлжалга олиш тизими ишдан чиқарилиши ёки оператор билан алоқа блокланиши туфайли бир ҳафтада йўқотилаётган дронлар сони 2 мингга етмоқда. Бундай дронлар мақсадсиз учиб юраверади, батареяси қуввати тугагач ерга қулайди.
Украина ўзининг радио электрон кураш тизимини ишлаб чиқмоқда. Лекин унга барибир ғарблик иттифоқчиларнинг ёрдами етмаяпти, деб қайд этади The Economist. Вазият ўзгариши амримаҳол, чунки АҚШда РЭК тизимини бериш «технологияни бериш», деб қабул қилинади ва Давлат департаменти томонидан қатъий амал қилинувчи чекланган экспорт назорат режимини назарда тутади.
Россия ракета тўпламоқда, Украина — ғарб РҚМ/ҲҲМ тизимини
Яна бир ўткир мавзу – Украина Россия ракеталарининг ёпирилма ҳужумидан вақтинчалик нафас ростлаётганидир. Ҳозир РФ ҳафтасига бир неча дона ракетадан фойдаланмоқда. «Украина ҳисоб-китобларига кўра, ёпирилма ракета зарбаларисиз ўтган бир неча ой давомида оккупантлар Украина энергетикаси зарба бериш учун 900 тагача ракета жамғарган бўлиши мумкин... Украина БРБга кўра, Россия қувватлари ойига 100 та ракета ишлаб чиқариш учун етарли. Шу сабабли оддий математик йўл билан 870, ҳаттоки 900 та ракета борлигини тахмин қилиш мумкин. Авиация ракеталаридан ташқари, юқори аниқликдаги, узоқ масофага уча олувчи ракеталар, шунингдек «Оникс»лар, С-300 ракеталари тўпланмоқда. Биз фақат узоқ масофадаги нишонни мўлжалга оладиган ракеталар ҳақида гапиряпмиз», деди Украина ҳарбий ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат 23 ноябр куни ТВ эфирида.
Ғарблик иттифоқчилар Украина осмони мудофааси учун сезиларли, лекин етарли бўлмаган ёрдам кўрсатмоқда. Ўтган ҳафтада ГФРнинг Украинадаги элчиси Мартин Егер қишда Украинада яна битта Patriot ҲҲМ тизими ўрнатилишини айтди, бу эса худди 21 ноябр куни эълон қилинган ёрдам пакети доирасида етказилаётган тўртта IRIS-T ҲҲМ тизимига қўшимча бўлади («Ирис»лардан иккитаси аллақачон Украинада жанговар навбатчиликда).
Зеленскийнинг 25 ноябр кунги баёнотига кўра, мунтазам равишда Россия ракета нишонларига айланаётган Одессани ҳаводан мудофаа қилиш сезиларли тарзда кучайтирилади. Бу эса Одесса портининг нормал фаолият кўрсатишига олиб келади. Боз устига, хорижликлар томонидан етказилиши кутилаётган ҳарбий кемалар юк кемаларини қўриқлашга жалб қилинади.
УҚК ҳамон РФ ҚКга сезиларли зарбалар беришга муваффақ бўлмоқда
Запорижжя фронтида ва бошқа жойлардаги маънисиз ҳужумларда Украина ғарбнинг илғор техникаларини йўқотгани, россиялик РЭК операторлари тобора устомон бўлиб бораётгани ҳисобга олинса, уруш олиб боришнинг мутлақ янги технологияларини беришдан чекланишлар борлиги кўриниб турибди. Бир томон технологияларга эга, иккинчи томон эга бўлмаса жиддий муаммолар бўй кўрсата бошлайди.
Нима бўлганда ҳам, Украинада мавжуд ғарб қурол-яроғлари ҳамон жанг майдонида етарли тарзда самарали. Бу борада иккита симптоматик эпизодни қайд этиб ўтиш керак бўлади.
19 ноябр куни Украина ҚК HIMARS’нинг учта ракетаси билан Донецк области Сатаробешив райони Кумачове қишлоғидаги маданият уйига ҳужум қилди. Бу ерда РФ денгиз пиёдаларининг 810-бригадаси жангчилари ракетачилар кунига аталган концерт дастурига тўпланган эди. 25 киши, жумладан, москвалик актриса Полина Менших воқеа жойида ҳалок бўлган. Украина маълумотларига кўра, юзга яқин одам жароҳатланган. Украина томони шу йўл билан икки ҳафта муқаддам Запорижжя фронтида украиналик артиллериячиларга берилган зарба учун ўч олган.
Борис Мақсудов ярадор ҳолатда. Фото: «Звезда» телеканали.
Россия позицияларига FPV-дронлар ва квадрокоптерлар билан ҳужум зичлигини нафақат Украина томонидан эълон қилинаётган видеолар орқали, шунингдек, Россия позициялари ортида шундай ҳужумлардан бирига «Россия-24» телеканали мухбири Борис Мақсудов дучор бўлгани билан баҳолаш мумкин. Унинг устига УҚК квадрокоптери портловчи ўқ-дори ташлаган. Бунгача коптерлар унинг жамоаси аъзоларини ўққа тутган.
Ҳарбий мухбир каска ва зирҳли нимча кийиб олганига қарамасдан кўплаб осколкали жароҳатларга дучор бўлган. Қўлларининг бармоқлари узилиб кетган. У зудлик билан Токмакнинг ҳарбий ҳоспиталига етказилган. У ердан тунда уни Жанкойга кўчиришган. Бироқ у йўлда жон берган.
Тасодифий хабарлар
O‘qituvchilar endi hujjatlardan faqat sinf jurnalini to‘ldiradi
Хитой самарқандлик сохта «пайғамбар»га раддия берди, Мусулмонлар идораси эса унга ишонганлар кофир бўлишини эслатди
«Жомадонга жойланган мурда»нинг қотилига суд ҳукми ўқилди
Наманган вилоят прокурори Ж.Ж.Хатамов иштирокида “Прокурор ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб вафот этганларнинг жасади қариндошларига берилмайдими?