Аниқланишича, портлаган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар сақланган. Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ҳукумат комиссиясининг ахбороти эълон қилинди.
Унга кўра, ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва “сэндвич” панеллардан қурилган омборда юз берганлиги аниқланган. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.
Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган.
Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар натижасида полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддалар мавжудлиги аниқланди.
Бу моддалар омборхонада сақланаётган водород пероксиди, алкид смоласи, алкилбензолсульфон кислотаси, латех, полиэфир смоласи, каустик сода моддалари ва лак маҳсулотларининг таркибий қисмлари бўлиб, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланади.
Ҳодиса жойи ўрганилганда, айнан водород пероксиди сақланган жой яқинида гул қоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланган. Ўрганиш натижасига кўра, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.
Ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
"Ҳодиса содир бўлган омборхона ҳудудида 12 та ижарачи компаниянинг катта миқдордаги турли хил номенклатурадаги товарлари сақланганлиги ҳамда жиноят иши доирасида мутахассислар томонидан бир нечта турдаги экспертиза тадқиқотлари (судга оид кимёвий, ёнғин-техник, портлаш, товаршунослик, қурилиш ва х.к.) ўтказилаётганлиги учун ёнғин ва портлаш сабаблари, шунингдек, етказилган зарар миқдори бўйича якуний хулосага келиш муайян вақтни талаб этмоқда",- дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан комплекс суд экспертиза хулосалари ва тергов натижаларига кўра якуний хулоса қилинади.
Тасодифий хабарлар
Мигрантлар билиши керак бўлган муҳим 5 қоида
«Манчестер Сити» Мессининг тақдимот маросимига тайёрланмоқда
Кредитомания – қарз олиб роҳатланадиганлар дарди
Вилоятларда 310 та янги автобус йўналишлари ташкил этилади
Россияда тўғон бузилиши натижасида 10 киши ҳалок бўлди