Келишилган ўйинда қатнашган ўзбекистонлик ҳакам ва футболчилар умрбод футболдан четлатилди

Келишилган ўйинда қатнашган ўзбекистонлик ҳакам ва футболчилар умрбод футболдан четлатилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ассоциациянинг футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекцияси томонидан тақдим этилган “Андижон-SGS” клуби футболчилари ҳамда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Лочин Долимовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Про лигасида ҳакамлик қилиб келган Лочин Долимов ўзининг таниши орқали хориждаги А. исмли шахс билан Telegram'да алоқа ўрнатиб, келишилган ўйинларни ташкил этишга уринган. 

Шунингдек, Лочин Долимов “Андижон-SGS” клубининг футболчилари Шаҳбозбек Жумабоев, Дилмурод Абдуқаҳҳоров ва Жавоҳир Қиличев билан тил бириктирган ҳолда 2023 йил 25 май куни Про лига доирасидаги “Навбаҳор Фарм” ва “Андижон-SGS” ўртасидаги учрашувнинг натижасига таъсир ўтказиб, учинчи шахслар ёрдамида букмекерлик конторалари орқали пул тикиб, моддий манфаат кўрган.

“Андижон-SGS” клуби футболчиси Шаҳбозбек Жумабоев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима жазоси тайинланди.

Юқоридагилар билан бирга, футболчилар Дилмурод Абдуқаҳҳоров ҳамда Жавоҳир Қиличев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига кўра айбдор деб топилиб, Дилмурод Абдуқаҳҳоровга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 2 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси берилди. Жавоҳир Қиличевга нисбатан эса футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 1 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси қўлланилди.

“Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича FIFA, ОФК, “Sportradar” ва бошқа тегишли ташкилотлар билан билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётганлигини маълум қилади. Ўз навбатида, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради”, дейилади ЎФА хабарида.


Теглар:
×