Зеленский Россиядаги ҳарбий исёнга муносабат билдирди

Зеленский Россиядаги ҳарбий исёнга муносабат билдирди

Украина президенти Владимир Зеленский “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин томонидан бошланган ҳарбий исёнга муносабат билдирди

“Зулм йўлини танлаган ҳар бир кимса охир-оқибат ўз бошини ейди. Минглаб аскарларни қирғинбаротга юборади, пировардида эса ўзи қуроллантирган шахслардан ҳимояланиш учун Москва вилоятида баррика ортига яширинади. Россия узоқ йиллар ўз заифлиги ва бошқарувдаги уқувсизлигини пропаганда йўли билан ниқоблаб келди. Энди бошбошдоқлик шу қадар кучайдики, ойни этак билан ёпиб бўлмай қолди”, – деб ёзди Украина раҳбари.

Зеленский ҳозирги вазиятда рус қўшинини Украина тупроғидан олиб чиқиш кетиш ақлли қарор эканини урғулаган.

“Россиянинг кучсизлиги, ҳар томонлама заифлиги кундек равшан бўлиб қолди. Россия бизнинг заминда ўз қўшини ва ёлланма аскарларни қанча кўп сақлаб турса, бошбошдоқлик, уқубат ва муаммолар шунча кўпаяди”, – деб огоҳлантирди В.Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати хўжайини Евгений Пригожин 23 июнь куни кечқурун Россия мудофаа вазирлиги раҳбариятига нисбатан кескин айбловлар илгари суриб, “адолат юриши” бошлаганини эълон қилди. Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Пригожиннинг баёноти ортидан қуролли тўнтаришга чақириш факти бўйича жиноий иш қўзғади.

Бу орада “вагнер”чилар Ростов шаҳри, хусусан, Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллагани хабар қилинди. Россия мудофаа вазири ўринбосари Юнусбек Евкуров билан суҳбатлашган Пригожин мудофаа вазири Сергей Шойгу ва бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов унинг олдига келмаса, Москвага қўшин тортиб боришини айтди.

24 июнь куни Россия халқига мурожаат йўллаган президент Владимир Путин Пригожиннинг ҳаракатларини “орқадан пичоқ уриш” ва “хиёнат” деб атади

Путиннинг мурожаатига жавоб берган Пригожин у хатога йўл қўяётганини таъкидлади 

“Ватанга хиёнат” бобида президент қаттиқ адашади. Биз ўз юртининг ватанпарварларимиз. Биз, “Вагнер” жангчилари шу кунга қадар жанг қилдик ва яна жангларни давом эттирамиз. Ҳеч ким Президент, ФХХ ёки бошқа бировнинг талаби билан бош эгиб бормоқчи эмас. Чунки биз мамлакат яна коррупция, ёлғон ва бюрократия домида яшашини истамаймиз”, – дея собиқ хўжасига қарши баёнот берди Пригожин.


×