Қашқадарёлик блогер сайёр қабулда вилоят ҳокимини видеога олгани учун ҳақоратланганини айтди. Уни ИИБ ходими тадбирдан олиб кетишга уринган

Қашқадарёлик блогер сайёр қабулда вилоят ҳокимини видеога олгани учун ҳақоратланганини айтди. Уни ИИБ ходими тадбирдан олиб кетишга уринган

Қашқадарё вилоятида Капитан Каримов номи билан фаолият юритувчи блогер Умид Каримов вилоят ҳокими Зоир Мирзаев иштирокидаги сайёр қабулда ҳокимни видеога олган учун ҳақоратланганини, қаршиликка учраганини маълум қилди.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган блогернинг айтишича, воқеа 2021 йилнинг 29 май куни Косон туманининг Ширинтепа қишлоғида содир бўлган.

«Сайёр қабулда вилоят ҳокими гапираётгани учун ва атрофдагиларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида бир чеккада туриб, ҳокимнинг гапларини ‘съёмка’ қилаётган эдим. Шунда шахси ўзимга ҳам кейинчалик ошкор бўлган вилоят ҳокимлиги ходими қаршилик кўрсатди. Мени ҳақорат қилиб, бундан кейин вилоят ҳокимининг сайёр қабулларига бормаслигим кераклигини айтди. Мен унга жавобан бундай гаплар керакмаслигини, блогер сифатида фаолият юритганим учун шунчаки ахборот олаётганимни айтдим. У эса мени яна тилга олиб бўлмас сўз билан ҳақоратлаб, шаънимга тегди», — дейди блогер.

Умид Каримовнинг аниқлик киритишича, унга қаршилик кўрсатиб ҳақоратлаган вилоят ҳокимлиги ходими ҳокимликнинг вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро маъсул котиби Машраббек Қўзибоев бўлган.

«Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовга ҳам хабар бердим. Аммо ҳозирча ҳеч қандай ‘реакция’ бўлгани йўқ», — дейди блогер Капитан Каримов.

Умид Каримовнинг айтишича, ҳокимлик ходими билан тортишувдан сўнг уни ИИБ ходими ҳам олиб кетишга уринган. Блогернинг ёнига келиб, «съёмка» қилиши мумкинмаслигини айтган ИИБ ходими қабулни ТВ ходимлари билан бирга тасвирга олаётган блогернинг қўлидан тутиб, уни чеккага тортган. Блогер эса бунинг сабаби билан қизиққан. Бироқ тайинли жавоб бўлмаган.

«Вилоят ҳокимлиги ходими билан бўлган воқеадан кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ИИБ ходими келиб, мени олиб кетмоқчи бўлди. Мен буни ҳокимлик ходимининг иши деб ўйладим, чунки қабул бошланганига ҳам анча пайт бўлган эди. Қолаверса, мен тортишувгача ҳам видеога олиб юргандим. Қаршилик йўқ эди. Қизиқ томони ИИБ ходими қўлимдан ушлаб чеккага тортаётган пайтда ҳокимлик ходими менга қараб кулиб турганди», — дейди блогер воқеа ҳақида гапирар экан.

«Дарё» мухбирининг аниқлашича, шунга ўхшаш ҳолат ўтган ўн кун ичида вилоятда иккинчи маротаба такрорланган. Бироқ биринчи марта тақиқга учраган блогер воқеани унутишга қарор қилган.

×