Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманганга борди

Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманганга борди

Жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ Поп тумани ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди. 


Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Поп туманида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш жараёнида Поп туманида жойлашган “Zamin Green” гидропоника иссиқхонаси фаолияти билан танишилган.

Маълум қилинишича, ушбу корхонада 30 нафар доимий ва 100 нафар мавсумий иш ўринлари яратилган бўлиб, йиллик 3500 тонна помидор маҳсулоти етиштирилади, унинг бир қисми маҳаллий бозорга, ортгани чет элга экспорт қилинади.

Ишчи гуруҳ корхона томонидан етиштирилаётган маҳсулотни арзонлаштириш мақсадида қуёш энергияси ҳамда ёқилғининг альтернатив турларига ўтиш режалари билан танишдилар.

Аҳоли учун муносиб инфратузилма, жумладан мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, болалар майдончалари қурилиш ишларини баҳолаш жараёнида туманнинг Уйғурсой шаҳарчасидаги ободонлаштириш ишлари ҳамда янгидан барпо этилган “Маънавият ва маърифат маркази” фаолияти ўрганилган.

Марказда маҳаллий аҳоли учун 800 турдаги 2 мингдан зиёд китоблар жамланган кутубхона, робототехника, IT-технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун синфхоналар ташкил этилган.

Шунингдек мактаб ва болалар боғчаси капитал таъмирланиб, болалар спорт майдончалари қуриб битказилган. Ички ишлар вазирлиги номидан кутубхона учун 20 млн сўмлик китоблар жамланмасини совға қилиш режалаштирилди. 

Ички ишлар вазири томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси борасида “Уйғурсой” шаҳарчасида шакллантирилган бешликнинг ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ Поп тумани ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди. 

Туман маҳаллаларида жиноятчиликнинг аҳволи, оила-турмуш доирасида ҳамда ёшлар, аёллар томонидан ва ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида профилактик ишларнинг самарадорлиги билан танишилган.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳа раҳбарларининг иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда”, — дейилади хабарда. 


Теглар:
×