Наманганлик тадбиркор Сурхондарёда 93 нафар аёлни тузоғига илинтирди

Наманганлик тадбиркор Сурхондарёда 93 нафар аёлни тузоғига илинтирди

Сурхондарё вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда "Жарқўрғон чеварлари" тикув цехи билан боғлиқ тарқалган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.

Наманган вилоятидан ташриф буюрган тадбиркор Т.Г.  2019 йил 08 май куни “Surxon Mulk Textile” МЧЖни ташкил этиб, Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтказиб, Жарқўрғон туманига келиб, тумандаги мутасадди ташкилотлар орқали 2019 йил май ойида “Ҳар бир оила тадбиркор” деган мазмунда давлат дастури бор” деб тумандаги ишсиз бўлган 93 нафар хотин-қизларни йиғиб, уларнинг номига банкдан 15 млн. сўмдан кредит маблағи ажратилишини, кредит маблағи ҳисобига тикувчилик машинкалари ва хом ашё маҳсулотлари сотиб олиб, тикувчилик цехи очиб, ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлашини, банкдан олинган ҳар бир фуқаронинг кредит маблағлари ва унга ҳисобланган фоизларни ўзи тўлашини ваъда қилиб, фуқароларнинг ишончига кириш учун уларга йиғилишнинг ўзида банкдан ажратилган пул маблағларини МЧЖ ҳисобидан тўлаб берилиши ҳақида кафолат хатлари ёзиб бериб, АТБ “Қишлоқ Қурилиш банк” Жарқўрғон филиалидан 93 нафар хотин-қизлар номига жами 1 млрд. 395 млн сўм кредит ажратилишига эришиб, фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетганлиги аниқланган.    

Мазкур ҳолат юзасидан 26.01.2021 йилда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг  Жарқўрғон туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

27.01.2021 йилда жиноят иши тегишлилик бўйича Жарқўрғон тумани ИИБга юборилган ва ўша куни Тергов бўлинмаси томонидан иш юритувга олиниб, Т.Г. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилиб, фуқаролар гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. 

Мазкур жиноят иши юзасидан Т.Г. томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш учун 93 нафар фуқароларнинг номига 15 млн. сўмдан кредит чиқартириб, чиқарилган кредит пулларини тўлаш учун кафолат хат берганлиги, МЧЖ ташкил этиб, фуқароларни иш билан таъминлаганлиги, 2020 йил март ойидан бошлаб пандемия бўлганлиги сабабли тўлашга имконияти бўлмаганлиги, ҳозирда банкка кредит тўловларини яъни, банк фоизларини тўлатиш чоралари кўрилаётганлиги сабабли жиноят ишининг тергов муддати  01.03.2021 йилдан 29.03.2021 йилга қадар ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан тўҳтатилган.

Т.Г. томонидан АТБ “Қишлоқ Қурилиш банки” га 93 нафар фуқароларнинг номига чиқарилган кредит фоизларини тўлаш мақсадида 161.050.000 сўмлик тикув цехида тикилган ҳар хил турдаги кийим кечаклар берилган. 

19.04.2021 йил ҳолатига кўра, АТБ “Қишлоқ Қурилиш банки” дан 93 нафар фуқароларнинг номига чиқарилган кредитнинг қолдиқдаги жами қарздорлиги 554.392.785 сўм миқдорида, фоиз қарздорлиги эса 90.049.251 сўмни ташкил этади.       
 
АТБ “Қишлоқ Қурилиш банк” дан 93 нафар фуқароларнинг номига чиқарилган кредитнинг муддати 06.12.2022 йилга қадар белгиланган.

Хабарда кўрсатилган бошқа мулкий низолар  тааллуқлилиги бўйича судларда кўрилиб, қонуний тўҳтамга келинган бўлиб, вилоят прокуратураси ходимларига нисбатан келтирилган важлар рад этилади.

×