Наманганда «Аломат иш» қилган ИИБ ЖҚБ ходимлари қамалди

Наманганда «Аломат иш» қилган ИИБ ЖҚБ ходимлари қамалди

Наманганда туман ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмасининг икки нафар тезкор вакилига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улар ёлғон гувоҳлик бериш ва далилларни сохталаштириш жиноятларини содир этишда айбдор, деб топилган. Ушбу маълумотни «Namanganliklar.Uz»нинг вилоят прокуратурасидаги манбаси ҳам тасдиқлади.


Воқеликка кўра, салкам икки миллион сўмлик велосипедини ўғрилатиб қўйган фуқаро Р.Н. туман ИИБга мурожаат қилади. Унинг мурожаати тегишли тартибда рўйхатга олинади, суриштирув ўтказилиб, натижада Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан «иш» қўзғатилади.

Энди асосий иш – ўғрини топишда қолади. Бу вазифа, турган гапки, туман ИИБнинг Жиноят қидирув бўлими (ЖҚБ) тезкор вакиллари гарданига тушади.

ЖҚБнинг икки тезкор вакили – Х.А. ва Ж.Д. жиноятни фош этишнинг шунақа аломат йўлини топишадики, оқибатда жабрланувчининг ўзи суднинг қора курсисига ўтираёзади, денг?!

Қандай қилиб?

ЖҚБ тезкор ходимлари бир-икки кун ўғрини қидирган бўлади. Қарашсаки, иш «ўхшамаяпти». Нима қилмоқ керак? Икковлон шартта дўконга бориб, яп-янги велосипед сотиб олишади. Бироқ сотиб олинган велосипед ўғриланганга ўхшаймайди: унинг рамаси аёлларга мосланган экан.

Тезкор ходимлар буниям «йўлини топишади» – устахонага бориб, рама-ю рулини бошқатдан пайвандлатишади. Шу тариқа ўзлари сотиб олган велосипед ўғриланганига ўхшагач, уни воқеа содир бўлган ҳудудга олиб бориб, жабрланувчини чақиришади: «мана, ўғрилатган матоҳингиз, биз уни топдик!». Жабрланувчи ЖҚБ ходимлари «топган» велосипедни ўзиникига ўхшатмайди. Эътирозга лаб жуфтлаган эдики, тезкор ходимлар гап билан оғзига уради: «ўғрилатган молингизни топдик, ҳа энди, ўғри у ёқ-бу ёғини ўзгартиргандир-да, ноз қилмай олаверсангиз-чи?!».

Жабрланувчи иккилана-иккилана велосипедни оларкан, ЖҚБ ходимлари уни яна бир иш қилишга кўндиришади: «Келинг, бу ёғига ортиқча ёзув-чизув қилиб ўтирмайлик, ИИБга қўнғироқ қилиб, велосипедим топилди, уни маст ҳолда ўзим фалон жойда қолдирган эканман, илтимос, аввалги мурожаатимни оқибатсиз қолдиринг, десангиз, олам гулистон».

Жабрланувчи уларнинг айтганини қилди. Бироқ олам гулистон эмас, олам зимистон бўлди унинг учун.

Нега?

Гап шундаки, жабрланувчи «мурожаатимни оқибатсиз қолдиринг» мазмунидаги мурожаатидан сўнг шартта ўзига нисбатан «иш» очилади: ёлғон хабар бериш – ЖКнинг 237-моддаси билан.

Кейин така-тука тергов ҳаракатлари бошланиб, айблов хулоса тузилади ва «дело» судга оширилади.

Шу тариқа жабрланувчи судланувчига айланади.

Қачонки жиноий жазо хавф сола бошлагандангина жабрланувчи ўзига келди: судда ҳаммасини очиқ-ошкора айтадики, натижада «дело» чок-чокидан сўкилиб, ЖҚБ ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи кун тартибига чиқади.

...Воқеаларнинг кейинги ривожини илғаётган бўлсангиз керак: ҳуқуқий баҳо ЖҚБ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилишига, қўзғатилган жиноят иши эса судга оширилишига олиб келади.

Суд эса, юқорида айтилганидек, уларни ёлғон гувоҳлик бериш ва далилларни сохталаштиришда айбдор деб топиб, иккаласига бир хил жазо – беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва улар суд залидан қамоққа олинди...


×