Шу кунларда ижтимоий тармоқларда умра тўлови билан боғлиқ айрим фуқароларнинг фирибгарликлари акс этган чиқишлар турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мазкур ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди.
ЎМИнинг қайд этишича, Умра сафари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.
“Ушбу қарор билан тасдиқланган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМда: – тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида махсус ҳисобварақлар очилган банкнинг барча ҳудудий филиалларида амалга оширилади, деб белгилаб қўйилган. Шу боис, “Ҳаж” ва “Умра” сафарлари тўловлари фақат банк орқали амалга оширилади. Ҳеч бир фуқаро ёки мансабдор шахс муборак сафарларга оид маблағларни қабул қилиш ваколатига эга эмас.
Афсуски, айрим шахслар мўмин-мусулмонлар ишончини суистеъмол қилиб, Умра амалини ният қилган ҳамюртларимизнинг пулларини алдов йўли билан олиб, ўзининг шахсий мақсадлари йўлида ўзлаштириб юборгани аччиқ ҳақиқат ва бундан барча огоҳ бўлиши лозим”, дейилади идора баёнотида.
Таъкидланишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг тайёр рўйхати асосида Умра ибодатини амалга оширади. Яъни, зиёратчиларга виза олиш, уларни кузатиш ва кутиб олиш, Саудия Арабистонида ибодат ва зиёратларини ташкил этиш каби вазифалар билан шуғулланади. Бунгача бўлган жараёнлар, яъни Умра навбатини юритиш ва фуқаролардан тўловларни қабул қилиш Диний идора ваколатига кирмайди.
“Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирор чиқиш қилишдан олдин мавзуни яхшилаб ўрганишни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номини унинг ваколатига кирмайдиган ишлар билан боғлаб тармоқларда тарқатиб, ташкилот шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказадиган ахборот тарқатишдан эҳтиёт бўлишни сўраймиз.
Аҳоли орасида асоссиз маълумотларни тарқатиш Ислом дини таълимотига кўра, гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини яна бир бор эслатиб ўтамиз”, дея якунланган расмий баёнот.
Маълумот ўрнида, Умра зиёратчилари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тўғридан-тўғри рейслар ҳар куни Саудия Арабистонига амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар кузги мавсум доирасида 30 минг нафарга яқин фуқаро муборак ибодатни амалга ошириши режалаштирилган.
Тасодифий хабарлар
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин бир-бирига табрик йўллади
Отабек Сатторийга суд ҳукми ўқилди
Гўшт 39 000 сўмдан 75 000 сўмгача. Бозорлардаги нарх-наво маълум қилинди
Тўра Боболов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда
Украина Россия билан музокарага тайёр — Хитой ТИВ