Исроил полицияси БМТ ташкилотининг биносига бостириб кирди

Исроил полицияси БМТ ташкилотининг биносига бостириб кирди

2025 йилнинг 8 декабрь куни тонг саҳарда Исроил полицияси Шарқий Қуддусда жойлашган БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги биносига куч билан бостириб кирди. Бу ҳақда агентлик ўзининг расмий сайтида хабар берди.

Қайд этилишича, полиция мотоцикллари, шунингдек, юк машиналари ва форклифтлар олиб кирилган ва барча алоқа воситалари узиб қўйилган. Мебел, IT-ускуналари ва бошқа мулклар мусодара қилинган. БМТ байроғи тушириб ташланган ва унинг ўрнига Исроил байроғи кўтарилган.

Бу сўнгги ҳаракат Исроилнинг Бирлашган миллатлар ташкилотига аъзо давлат сифатидаги мажбуриятларига, яъни БМТ биноларининг дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятига очиқдан-очиқ беписандликдир.

Бир неча ойдан бери давом этаётган таъқиблар – 2024 йилдаги ёндириш (арсон) ҳужумлари, нафратга асосланган намойишлар ва қўрқитишлар, кенг кўламли дезинформация кампанияси, шунингдек Исроил парламенти томонидан халқаро мажбуриятларга зид равишда қабул қилинган анти-UNRWA қонунчилиги туфайли UNRWA ходимлари йил бошида мажмуани тарк этишга мажбур бўлган эди.

“Бироқ ички равишда қандай чоралар кўрилишидан қатъи назар, мажмуа ўзининг БМТ биноси мақомини сақлаб қолади ва ҳар қандай аралашувдан ҳимоялангган
Исроил БМТнинг имтиёзлари ва дахлсизлиги тўғрисидаги Конвенцияга аъзо ҳисобланади. Мазкур Конвенсия БМТ биноларини дахлсиз деб белгилайди — бошқача қилиб айтганда, уларни тинтув қилиш ёки мусодара қилиш мумкин эмас ва БМТ мулки ҳамда активларига нисбатан юридик жараёнлардан ҳимоя қилади”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, Халқаро суд ҳам Исроил UNRWA ва бошқа БМТ агентликлари билан ҳамкорлик қилишга мажбур эканини таъкидлаган.

“Ҳеч қандай истисно бўлиши мумкин эмас. Бунга йўл қўйиш халқаро ҳуқуққа янги таҳдид туғдиради ва дунёнинг исталган нуқтасида БМТнинг мавжудлигига хавф солувчи хавфли прецедент яратади”, дейилади хабарда.

UNRWA қандай ташкилот?

БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (United Nations Relief and Works Agency for Palestine Refugees) 1948 йилда ташкил қилинган. У дастлаб, Исроил ташкил этилиши атрофидаги уруш пайтида – ҳозирги Исроил ҳудудидан қочган ёки ҳайдаб чиқарилган тахминан 700 минг фаластинликка ёрдам берган.

Бугунги кунда агентлик – Ғазо, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда яшовчи қарийб 2,5 миллион фаластинлик қочқинга ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, Сурия, Иордания ва Ливандаги яна 3 миллион қочқинга ҳам хизмат қилади.


Теглар:
×