Наманганда жангда ўлган роҳиба суяк қолдиқлари мавжуд ибодатхона топилди

Наманганда жангда ўлган роҳиба суяк қолдиқлари мавжуд ибодатхона топилди

Норин тумани ҳудудида жойлашган Учтепа-2 археология объектини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича таклиф Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу объект академик Аҳмадали Асқаров томонидан очиб ўрганилган ва бир қатор тадқиқотлар ўтказилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадқиқотларга кўра, Учтепа-2 ўрнида қадимги Хайлам шаҳри оташпарастлар ибодатхонаси жойлашгани аниқланган. Ибодатхона милодий VII-VIII асрларга қадар мавжуд бўлган. Қазишма ишлари вақтида роҳиб ва роҳибаларга тегишли суяк қолдиқлари, 50 дан ортиқ ўчоқ излари ҳамда сопол идиш синиқлари топилган.

Учтепа-2 да ўтказилган археологик тадқиқотлар ибодатхона ёнғин натижасида вайрон бўлганини кўрсатган. Руҳонийларга тегишли экани тахмин қилинаётган жасад қолдиқларидан эса ўткир тиғли қурол билан етказилган зарба излари топилган. Ушбу топилмалар ва ёнғин излари ибодатхонада жанг олиб борилганидан далолат беради.

Мазкур тарихий объект Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда консервация қилинган.

Туризм ва Маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан Учтепа-2 археология объектининг девор ва том қисмларини иссиқ ва совуқдан сақлаш учун изолясия ишлари амалга оширилиши ва объектда доимий бир хил ҳароратни сақлаш мақсадида совутиш ҳамда иситиш ускунаси ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

×